Аҳолига такси хизматини кўрсатувчи "Capital management and marketing company" МЧЖга ишга кирган ҳайдовчи аввалига бинойидек ишлаб юрди. Аммо кейинчалик пешона тери билан топилаётганига қаноат қилмай, жиноятга қўл урди, дея хабар беради uz24.uz нашри “Ҳуқуқ” газетаси маълумотларига таяниб.
Дастлаб у синов муддати давомида ўзини яхши томондан кўрсатди, сўнг ҳайдовчи билан МЧЖ ўртасида тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилди. Унга асосан янги ҳайдовчига 2012 йилда ишлаб чиқарилган "Нексия ДОНС" русумли автомашина ишониб топширилди.
Ўзига ишониб топширилган ва моддий жавобгарлигида бўлган мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш мақсадида ҳайдовчи Сергели туманидаги автомашиналар бозорига боради. У ерда корхонага тегишли автоуловнинг тўртта янги шиналари, бир жуфт суппорти, олд ғилдирак таянч дисклари, иситиш мосламаси ва узатиш қутисини эскисига алмаштиради. Янги ва эски эҳтиёт қисмлар қиймати ўртасидаги фарқ ҳисобига чўнтагини қаппайтириб, ортига қайтади.
"Тадбиркор" ҳайдовчи ўзининг бу ҳаракати билан "Capital management and marketing company" МЧЖга 4 млн. сўмдан зиёдроқ зарар етказди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди айбдорга нисбатан ўзининг адолатли ҳукмини ўқиди. Унга кўра, ҳайдовчига ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ундирилган ҳолда, 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси белгиланди. Шунингдек, айбдор МЧЖга етказган зарарни ҳам тўлайдиган бўлди.