Икки ҳафта ичида Тожикистонда стандарт 50 кг қоп унининг нархи 200 сомонийдан (195 700 сўм) 220 сомонийгача (215 250 сўм) кўтарилди. Бу ҳақда regnum.ru’га таяниб маълум қилинмоқда.
Тожикларнинг асосий рациони нон ва «нон маҳсулотлари» эканлигини ҳисобга олиб, уннинг навбатдаги кўтарилиши маҳаллий аҳолининг ҳамёнига жиддий зарба бўлди. Давлат статистика маълумотларига кўра, ушбу маҳсулот гуруҳи аҳоли учун энг қиммат бўлиб қолмоқда ва у озиқ-овқатга сарфланадиган харажатларнинг 34,3 фоизини ташкил қилади.
Расмийлар бу ўсишни Қозоғистонда, яъни Тожикистонга ғалла ва уннинг асосий етказиб берувчисида ун нархининг кўтарилиши билан боғламоқда.
Умуман олганда, 2019 йилнинг етти ойида мамлакатга 6,6 миллион доллардан ортиқ миқдордаги 28,6 минг тонна ун импорт қилинган – бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 минг тонна кўп.