АсосийJamiyat

“YouTube”да муҳокама бўлаётган “Epica” ҳайдовчиси ва ЙПХ инспектори ўртасидаги тортишув қонунан кўриб чиқилди

'“YouTube”да муҳокама бўлаётган “Epica” ҳайдовчиси ва ЙПХ инспектори ўртасидаги тортишув қонунан кўриб чиқилди'ning rasmi

YouTube видеохостинг сайтида фойдаланувчилардан бири томонидан эълон қилинган видеода ҳайдовчи ЙПХ ходими билан тортишаётгани акс этган. Ушбу ҳолат тезкор ўрганилиб, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан аниқлик киритилди.

Келтирилишича, ҳайдовчи инспекторга ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиб, буни қонун бўйича “мажбур эмаслиги” билан оқлаб, “қоидабузарликни кўз билан кўрган ҳолда қайд этишга ҳаққингиз йўқ, видеоёзувни талаб қиламан” дея, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага қўл қўймаслигини билдирган ва шунингдек ЙПХ инспектори хизматни бодикамера билан олиб бориши лозим деб таъкидлаган. Видеода ҳайдовчининг ҳар бир эътирозига инспектор қонунан тўғри жавоб берди, аммо ҳайдовчи жавоблардан қониқмаган. Ҳайдовчи калитни ўт олдиргич қулфига тиқаётиб, бўлғуси томошабинларига инспектор унга нисбатан ҳеч нарса расмийлаштирмаганини маълум қилган жойда видеоёзув якунланди.    

“Ушбу факт бўйича шуни маълум қиламизки, ушбу ҳолат 12-ноябрь куни соат тахминан 16.30 да Янги Юнусобод чорраҳасида рўй берган. ЙҲХБ ЙПХ инспектори ҳаракатланиб келаётган Epica русумли автомобиль (давлат рақами 01 R 177 SA) ҳайдовчиси бошқарув давомида телефондан гаплашаётганини кўради. Шу муносабат билан инспектор ҳайдовчига тўхташ ҳақида ишора бериб, қоидабузарлик ҳақида маълум қилиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома тузиш учун ҳужжат талаб қилган. Автомобиль ҳайдовчиси – 26 ёшли Сардорбек М. ҳужжатларни чиқарган, аммо инспекторга беришдан бош тортиб, юқоридаги эътирозларини билдирган. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳайдовчи ҳар бир қайд этган банди бўйича ноҳақ эди. Хусусан, қонуннинг қуйидаги бандларини кўриб чиқамиз.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарорида белгиланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандига мувофиқ, механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси рўйхатда кўрсатилган ҳужжатларни (ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини, транспорт воситаси қайд қилиш гувоҳномасини, суғурта полисини ва ҳоказо) ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шарт.
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги 975-сон Қарорининг 3-боб 12-бандига мувофиқ, ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида юқоридаги ҳужжатларни текшириш ҳуқуқига эга.
  3. Худди шу 975-сон Қарорда хизматни бодикамера билан олиб бориши кераклиги ҳақида айтилган, аммо қарорнинг бошида мазкур 18-банднинг тўртинчи абзаци 2020 йилнинг 1-январь кунидан кучга кириши маълум қилинган. Бугунги кунда ҳам бодикамера билан хизмат олиб бораётган ходимни кўриш мумкин, аммо ушбу тартиб 2020 йилнинг 1-январь кунидан мажбурий бўлади.
  4. Шунингдек 975-сон Қарорда (2-боб 6-банд) ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ЙПХ ходими томонидан визуал кузатувда аниқланганда ҳам ходим транспорт воситасини тўхтатиш ҳуқуқига эгаю
  5. Автомобиль ҳайдовчиси қонун бўйича ҳужжатларни қўлда ушлаб турган ҳолда кўрсатиб, ИИО ходимининг қўлига бермасликка ҳаққи борлигини таъкидлаган. Аммо бу ҳолатда у қоидаларда чалкашиб кетди – айнан ИИО ходими ўз ҳужжатларини фуқарога бермасдан кўрсатиш ҳуқуқига эгадир. Бу ҳақда 3-боб 14-бандда: “ЙПХ ходими томонидан хизмат гувоҳномасини йўл қатнашчиси ихтиёрига бериш тақиқланади”, дейилган.

Янги Юнусобод чорраҳасида юзага келган ҳолатга қайтиб, шуни маълум қиламизки, инспекторнинг ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги талабини рад қилиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик деб баҳоланади. Кўрсатмага биноан, икки нафар холислар иштирокида ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддасига мувофиқ баённома расмийлаштирилди. Бу ҳолатда ҳайдовчига нисбатан қандай чора кўрилишини суд ҳал қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига (“а” банди) кўра, бу каби ҳолатларда ҳайдовчининг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилади, шунинг учун автомобиль жойлашган манзилга эвакуатор чақирилди.    

Шундай қилиб, қоидабузарнинг видеоёзувдаги чорадан қўтилиб қолгани ҳақидаги хабари ҳақиқатдан йироқдир. Бугунги кунда видео муаллиф томонидан намойиш учун чекланган, ёки ўчирилган – илгариги ҳаволалар орқали уни кўриш имкони йўқ.  

Ҳурматли Интернет тармоғи фойдаланувчилари! Кўриб чиқадиган контентга танқидий ёндашишингизни сўраймиз. Хабар муаллифи ҳар доим ҳам ростгўй бўлмаслиги ва сизни алдаши мумкинлиги ёдингизда бўлсин. Шунингдек ҳайдовчиларга мурожаат қилмоқчимиз: қонунчилик билан қисман танишлингингиз сизни доно қилиб қўйади деб ўйлаб йўлларда тортишув чиқарманг. Ҳамма нарсани билмаслигингиз мумкинлигини унутманг.    

Ҳар ҳолда тортишувлар муаммони ҳал қилмайди ва сизни етук, тарбияли инсон сифатида кўрсатмайди. Агар инспекторнинг бирор гапига қўшилмасангиз, унга ортиқча ҳиссиётларсиз савол беринг – у албатта сизга жавоб беради. Агар шунда ҳам ҳолатдан норози бўлсангиз, тегишли тарзда тўғридан-тўғри инспекторнинг раҳбариятига ёки ИИББга ёзма ариза билан мурожаат қилинг – масала кўриб чиқилади”, — дейилган ИИББ маълумотида.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар