Мажбурий ижро бюроси Ўртачирчиқ туман бўлими ходимлари томонидан ичимлик суви тармоғига уланишнинг қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг текширув жараёнида Ўртачирчиқ тумани, Адолат МФЙ ҳудудида жойлашган “Номданак жилоси” фермер хўжалиги томонидан сув тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланганлиги аниқланиб, бу ҳақда маъмурий баённома, шунингдек бошқа тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текшириш жараёнида Тошкент вилояти “Сувоқова” ДУК Нурафшон шаҳар ҳудудий филиали томонидан берилган хулосасига кўра, фермер хўжалиги сув тармоғига ноқонуний уланиши оқибатида, Сувоқова манфаатларига 28.129.840 сўм миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатда фермер хўжалиги раҳбари М.Мирдавлятовнинг умумий фойдаланишдаги ичимлик суви тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, “Сувоқова” ҳудудий филиали манфаатларига анча миқдорда зарар етказишда ифодаланган ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлиб, қонунда белгиланган муддатда жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қопланмаган.
Шу сабаб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185-2-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.