1

Миржалол Қосимов: Эртанги ўйинга қўшимча режамиз ҳам бор

СПОРТ 21.01.2015, 13:10
Миржалол Қосимов: Эртанги ўйинга қўшимча режамиз ҳам бор

Жанубий Корея - Ўзбекистон учрашуви олдидан Мельбурндаги "Melbourne Rectangular Stadium"да икки мураббий ўртасида матбуот анжумани бошланди.

Дастлаб, саволларга Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов жавоб қайтаради.
Айни пайтда мусобақа ташкилотчилари стадионга махсус совғаларни топширишмоқда. Осиё кубги ҳақида фикрлар баён қилинмоқда.

Матбуот анжуманига терма жамоамиз бош мураббийи ҳужумчи Баҳодир Насимов билан ташриф буюрди. Дастлаб, Миржалол Қосимов эртанги ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Миржалол Қосимов: Эртага бизни жуда муҳим ўйин кутмоқда. Гуруҳ баҳслари ортда қолди. Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Гуруҳ босқичда хатоларни тўғирлаш мумкин, плей-оффда буни иложи йўқ.

Рақибларимиз янада сараланиб бормоқда. Жанубий Корея қандай жамоа эканлигини яхши биламиз. Аммо дунёда ютиб бўлмас терманинг ўзи йўқ. Эртанги ўйинда биз ўзимизни мезбондек ҳис қиляпмиз. Чунки бунгача учта ўйинни бошқа шаҳарларда меҳмон сифатида ўтказгандик. Бу ерлик ватандошларимиз ва Мельбурндаги мухисларни меҳрини қозонишга ҳаракат қиламиз.

Баҳодир Насимов: Эртага финалда ўйнаётгандек майдонга тушамиз. Ниятимиз фақат ғалаба қозониш. Мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этмоқчимиз.
Шундан сўнг матбуот анжуманига келган журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Австралиялик журналист:
- Ўтган турда кўплаб ўзгаришлар қилдингиз. Эртага ҳам ўша таркиб майдонга тушадими ёки Жепаров ва Кападзеларни туширасизми?
- Бугунги машғулотлардан келиб чиқиб якуний таркибни танлаймиз. Жепаров ва Кападзелар ҳам ўйинга тайёрлар. Улар жамоамизнинг бир бўлаги ҳисобланади.

Хайрулла Холиқов:
- ЖЧ-2014 саралашидаги рақибимиздан қасос олиш керак, деган нарса сизга босим юкламайдими?
- Йўқ. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани маъқул. У ўйин тарихда қолди. Бу бошқаси. Биз шунчаки ўз ўйинимизни кўрсатмоқчимиз.

Австралиялик журналист:
- Жанубий Корея терма жамоаси ҳақида маълумотга эгамисиз?
- Албатта. Кичкина ахборот ҳам катта ютуқларга олиб келиши мумкин.

Аҳадхон Абдуҳамидов:
- Рақибнинг қайси кучли жиҳатларини алоҳида таъкидлаб ўтишингиз мумкин?
- Мени рақибнинг тезкорлиги ва қарши ҳужумга ўтиб кетиши бироз хавотирга солмоқда. Аммо биз хато қилмасликкка ҳаракат қиламиз.

Нодирхўжа Йўлдошев:
- Эртанги тактика борасида нима дея оласиз? Ёшлар керак пайтда тажрибасизлик қилиб қўйишлари ва босим остида қолишлари мумкин-ку.
- Эртанги ўйинда озгина ўзгариш қилинади. Тўғри, ёшлар босим остида қолиб кетишлари мумкин. Биз рақибга қараб тактика танлаймиз. Бизда "Б" режа ҳам бор.

Кореялик журналист:
- Сервер Жепаров Корея К-лигасида машҳур ўйинчи ҳисобланади. У нега олдинги ўйинда майдонга тушмади?
- Гуруҳда хатоларни тўғирлаш мумкин. Плей-оффда бунинг иложи йўқ. Хитойдаги мағлубиятдан сўнг биз бошқа футболчиларни туширишга ҳаракат қилдик. Жепаров ҳали ўзбек футболи учун керак.
- Сиз Корея жамоаларига қарши ўйнашни жуда яхши биласиз. Эртанги ўйинга режангиз борми?
- Буни ўйиндан кейин кўрасиз.

- Корея гуруҳ босқичларида биронта ҳам гол ўтказиб юбормади. Бунга қандай қарайсиз?
- Бунинг замирида катта меҳнат ётади. Ҳимоячилар яхши ўйнашмоқда. Дарвозабон ҳам жуда кучли. Лекин эртага биз бунга чек қўймоқчимиз.

- Эртага дуранг бўлиб қолса, қўшимча бўлимлар ва пенальтилар бўлиб қолса нима қиласиз?
- Бу футболдаги нормал ҳолат. Бу нарса ҳақида биз ўйламаяпмиз. Биз асосий дақиқаларда ғалаба қозонмоқчимиз. Агар иш пенальтиларга келиб тақалса, биз тайёрмиз.

Шу билан Миржалол Қосимов иштирокидаги матбуот анжумани ўз якунига етди.

Манба: www.uff.uz   

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1