Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида қурилаётган бинонинг том тўсиқлари ва темир-бетон деворлари қулаб тушди. Оқибатда олти нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди. Бу ҳақда «Informбюро» хабарига таяниб "Дарё.уз" хабар бермоқда.
Ҳодиса 21 ноябрь, пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 15:30 да Қоратов туманининг Сайрам массивида юз берган. Том ва девор қулаши оқибатида олти нафар ўзбекистонлик ишчи жароҳат олган. Улар шаҳар касалхонасига жойлаштирилган. Икки нафар ишчи жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳодиса жойига одамларни излаш учун кинология бўлинмаси жалб қилинган. Вайроналар остида қурбонлар ва жабрланганлар қолмаган.

Фото: Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитаси
Қоратов тумани ҳокими Абзал Алиқулов ҳодиса қурувчилик меъёрлари бузилгани сабабли юз берганини маълум қилган.
Қайд этилишича, қурилиш лойиҳасиз ва рухсатсиз бошланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






