Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, мактабларда турникетлар ўрнатиш баҳонасида ноқонуний пул йиғилишига йўл қўйилиши мумкин эмас!
“Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига умумтаълим мактабларида ота-оналардан пул йиғиб, турли хилдаги турникетлар ўрнатилиши ва уларнинг талаб асосида фаолият юритмаётгани бўйича мурожаатлар келмоқда.
Маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2019 йил 23 августда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлиси баёнининг 15-банди билан Халқ таълими вазирлигига ижтимоий ҳамда мобил оператор тармоқлари орқали ота-оналарнинг ўз фарзанди тарбиясидаги масъулиятини оширишга қаратилган ижтимоий хабарларни юбориш тизимини жорий этиш, шунингдек, тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг электрон ахборот тизимини яратиш вазифалари юклатилган.
Ушбу йўналишда хусусий сектор инвестициялари жалб қилиниб, электрон ахборот тизими тажриба-синовдан ўтказилмоқда.
Тажриба-синовлар якунига қадар умумтаълим муассасаларида ноқонуний равишда турникетлар ва кузатув камералари ўрнатиш ниқоби остида ота-оналардан пул йиғиш тўхтатилиши лозим”, — дейилади, расмий хабарда.