Ижтимоий тармоқларда Урганч туманидаги 6-сонли мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан ҳар бир синфдан обуна учун 250 000 сўмдан пул йиғилаётганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди.
Мазкур маълумот Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди ва ўрганиш натижаси маълум қилинди.
Вилоят халқ таълими бошқармасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 01/7-13-1359-сонли тавсия хатида ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг дунёқараши ва интеллектуал салоҳиятини оширишга бевосита хизмат қилувчи болалар ва ўсмирлар учун чиқарилаётган газета ва журналларга ихтиёрий равишда обуна қилиш тавсия қилинган. Тавсия хати асосида умумтаълим мактабларида газета ва журналларга обуна ишлари ихтиёрий равишда амалга оширилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда мажбурий обуна бўйича тарқатилган хабар бўйича Урганч туманидаги 6-сон умумтаълим мактабида мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Суҳбат давомида газета ва журналларга обуна бўлиш ихтиёрий равишда амалга оширилганлиги ва маъмурият томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаганлиги аниқланди.
Бу бўйича мактабда ота-оналари билан йиғилиш ўтказилди ва мактабда газета ва журналларга обуна бўлиш ихтиёрийлиги яна бир марта тушунтирилди.






