АсосийJamiyat

Бухоролик эркак қўшхотинликда айбланиб, унга бир йил озодликдан чеклаш жазоси берилди

'Бухоролик эркак қўшхотинликда айбланиб, унга бир йил озодликдан чеклаш жазоси берилди'ning rasmi

 

Ғиждувонда Х.С. исмли фуқаро қўшхотинликда айбланиб судланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобораҳим Очилов маълум қилган.

1966 йили Ғиждувон туманида туғилган фуқаро Жиноят кодексининг 126-моддаси (Кўп хотинли бўлиш) билан айбланган. Маълум қилинишича, Х.С. 2016 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг июль ойига қадар қонуний никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи Д.Й. билан яшаб келган. Оилада 2 нафар қиз фарзанди бўлган. Бироқ Х.С. никоҳида хотини бўла туриб, ундан қонуний ажрашмаган ҳолда 2016 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида истиқомат қилувчи аёл билан ҳам шу хонадонда шаръий никоҳ асосида яшаб келган.

Расмий никоҳдаги хотини Д.Й.ни «соғлиғи йўқ, руҳий хаста» дея ўғил фарзанд туғиб бера олмаслигини айтиб, доимий босим остида камситиб келган. 2018 йилда эса шаръий никоҳдаги хотини ўғил фарзандни дунёга келтирган.

Қўш хотинли Х.С. судда айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Суддан қонуний енгиллик сўраб, яшаш ҳовлисининг ўртасидан девор тиклагани, уйни иккига ажратгани, биринчи хотини ва икки нафар қизи учун шароит яратиб берганини таъкидлаган.

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди уни Жиноят кодексининг 126-моддаси (Кўп хотинли бўлиш) билан айбдор деб топиб, унга нисбатан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бошқа янгиликлар