1

Кўнгли тоза одам (Ҳажвия)

МУТОЛАА 28.11.2019, 10:47
Теглар: ҳажвия, кўнгли тоза одам
Кўнгли тоза одам (Ҳажвия)

Ҳўў, мухбир болам, тўхта қани... Кеча битта мақола ёзибсан, Абди пиёниста ҳақида. “Абди пиёниста ким?” дейсанми? Ҳа, ёзгансан-ку кечаги сонда. Уста наққош Абдумўмин Исматов ҳақида “Иродали инсон” деб. Бай-бай, сарлавҳани қаранг-а! Гонарар беради, деб,ким тўғри келса ёзаверасизларми? Ким бўпти у, пияниста?! Ғирт аҳмоқ одам-ку. Болалигида ҳам ерга урса кўкка сапчийдиган, ўтакетган тентак эди.

“Ҳалол, меҳнаткаш эмиш...” Нимаси ҳалол? Фақат ўз фойдасини кўзлайди. Меҳнат қилса киссасини қаппайтириш учун қилган. Топганини уйга ташийди. Давлатга бир тийинлик фойдаси теккани йўқ. “Идора раҳбарларидан сўраб ёзганман” дейсанми? Э, бошлиғиям ўзинингқариндоши-да! Қарға қарғани кўзини чўқийдими? У ҳам бўлмағур одам. Ҳамма хеш-биродарларини атрофига йиққан, хотинини кассир қилиб олган. Мансабини суиистеъмол қилиб, даврини суриб юрибди-да.

Абдини “Отасидан ҳунар ўрганган” деб ёзибсан. Отасиям ғирт бемаза киши эди. Давлатнинг пулини еб-еб, хизматидан қочиб, урушга бормаган. Хуллас, етти пушти беъмани одамлар...

“Оғир касалликни енгган эканлар. Кўнгиллари кўтарилсин, дегандим” деганинг нимаси? Қўй, бу гапларни-е! Касал эмиш-а! Тўп ҳам теккани йўқ. Касаллиги ёлғон. Меҳнат ёқмасдан ўзини касалликка солиб ётувди. Давлатдан пенсия олиш учун шунақа қилган-да. Фалаж бўлдим, деб, баҳона қилиб, пенсия олиб ётган пайтларида хотини туғди-ку! Эри ишга ярамаса қаердан туғади?!

Э, ман санга унинг қай бир қилиғини айтай, ёшлигида ҳам ўлгудай алкаш эди. Топса арақ, топмаса винони заҳар-маргига уриб, маишат қилиб юрарди. Яллачиларга илакишганини-ку айтмай қўя қолай. Шундай маиший бузуқ одамни ёзибсан-а. Эсиз, ҳайф газета. 

Ўзи-ку аҳмоқлиги майли-я, болалари ҳам аҳмоқ-эй... Отасидан ўтиб қаерга борарди?! Олманинг тагига олма тушади-да. Кўчада кўрса саломни билмайди. Мани кўрса тескари қараб кетади, ўзини кўрмаганга солиб. “Ҳой инсон, ман санга нима ёмонлик қилганман, қарзи худо-саломингни бермайсан”, деб бир уришай дейман-у яна шайтонга ҳай бераман-да...

Қизи-чи, қизи? Ўзини осмондаги ой, деб ўйлайди. Ўғлимга тегмади. Суқсурдай ўғлимни “Отасидай майдагап, юраги қора”дебмиш. Вой, тилинг кесилгур-эй... Сендақа каттагапга тупурдим.

Мани, юраги қора, деган-а! Ўзинг айт, мухбир болам, ман шунақага ўхшайманми?! Мандай кўнгли тоза одамни етти иқлимни ахтариб ҳам тополмайсан. Ёзадиган бўлсанг, ана мани ёз! Эсимни таниганимдан буён ишлайман. Бешикдан чиққанимдан бери меҳнат қиламан. Давлатнинг фойдасини ўйлайман. Лекин ҳеч ким қадримга етмайди.

Бу гапларни яна кўнглингга оғир олма, болам. Энди кимни ёзадиган бўлсанг, мандан сўра. Ман ҳамманинг тарихини биламан.

Ман покдил одамларни яхши кўраман, чунки ўзим кўнгли тоза одамман. 

Маҳбуба ХОЛОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1