Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан “M.G.P.” МЧЖ фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда жамият раҳбари М.З. 2015 - 2019 йилларда жами 630,3 млн. сўмлик товарларни кирим ҳужжатсиз сотгани маълум бўлди. Бу ҳақда darakchi.uz га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Бундан ташқари жамият бошқарувчиси ҳисоботларида солиқ солинадиган объектларини камайтириб кўрсатиб, 718,1 млн. сўм миқдордаги ягона солиқ тўловини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги аниқланган.
Худди шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан “C” МЧЖ фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, жамият раҳбари Л.К. ва норасмий раҳбари Е.С.лар ўзаро тил бириктириб, ноқонуний даромад орттириш мақсадида 2019 йилнинг июнь-август ойларидаги фаолияти давомида бажарилган ишлар ва хизматлар учун келиб тушган 102,7 млрд. сўмлик товарлар ва хизматлар реализациясини ҳисоботларда акс эттирмасдан 17,1 млрд. сўм қўшимча қиймат солиғини ҳисоботлардан яшириб, жуда кўп миқдордаги солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганликлари ҳамда 64,8 млрд. сўм товарлар реализациясидан тушган нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмаганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.