Аввал хабар қилинганидек, бугун, 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Ялпи мажлисда 86 нафар сенатор, ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат аъзолари “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги каби қонунларни муҳокама қилишади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси юзасидан ҳисоботи ҳам эшитилади.
Сенаторлар Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш, Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш ҳамда Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш масалаларини ҳам кўриб чиқишади.
Шунингдек, ялпи мажлисда қатор масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш назарда тутилган.
Ялпи мажлис ишини Олий Мажлис Сенатининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали тўғридан-тўғри онлайн режимида кузатиб боришингиз мумкин:






