Осиё Кубоги — 2015даги иштирокини якунлаган Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди. Футболчиларни кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортига чиққан мухбирлар йигитлардан бир нечтаси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди, деб хабар беради «Sports.uz».
Асосий «нишон» ОК — 2015да ўзини ҳар томонлама кўрсата олган Сардор Рашидов бўлди.
«Осиё Кубоги — 2015 мусобақасидан жуда яхши таассуротлар қолди. Турнир биз учун ёмон ўтгани йўқ, назаримда. Кўнгилни хира қиладиган жиҳат шундан иборатки, биз иштирокимизни чорак финалдаёқ якунлашга мажбур бўлдик. Аслида узоқроққа боришни мақсад қилгандик. Лекин бироз омад етишмади.
Умуман олганда, Австралиядаги турнирдан фақат ижобий таассуротлар қолди. Бундай нуфузли мусобақада илк марта иштирок этдим. Шу боисдан оз бўлса-да ҳаяжон бўлди. Аммо қўлимдан келганча ўйнашга ҳаракат қилдим», — деди ўзбек футболида порлай бошлаган «юлдуз».
Сардорнинг қитъа чемпионатидаги ўйини кўплаб мухлис-у мутахассисларга манзур бўлди. Шу боисдан сўнгги кунларда «Бунёдкор» аъзосига бир қатор хориж жамоаларидан қизиқиш бўлаётгани тўғрисида хабарлар тарқала бошлади. Бу ҳақда футболчининг ўзи шундай деди:
«Хориж клубларидан менга қизиқиш бўлаётганини рад этмайман. Аммо ҳозирча бирор аниқ гап ҳам айта олмайман. Тез орада агентим билан учрашиб, бу хусусда бафуржа гаплашиб оламан. Яқин кунларда бу борада ҳам янгиликлар бўлиб қолади».





