АсосийJamiyat

Жазони ўтаётган аёлларга нисбатан бағрикенглик ўзини оқлайдими?

'Жазони ўтаётган аёлларга нисбатан бағрикенглик ўзини оқлайдими?'ning rasmi

Яқинда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган навбатдаги очиқ суд мажлисида жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган 22 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилганлиги ҳақида мақолалар чоп этилди.

Қайд этилишича, суд ажрими билан содир этилган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймо бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кафолат хати инобатга олиниб, 22 нафар аёлга нисбатан тайинланган жазолар қонунда белгиланган тартибда қисқартирилди. Шундан 
20 нафар аёл қисқартирилган жазо муддатини ўтаб бўлгани сабабли суд залидан қамоқдан озод этилди ва оиласи бағрига қайтарилди.

Давлатимиз Раҳбарининг инсонпарварлик ва бағрикентликка йўғрилган сиёсатининг яққол далили бўлган ушбу қарорга ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ўз муносабатини билдиришди:

ИИВ Малака ошириш институти Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси, подполковникр Комил Баратов:

– Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади. 

Инсон зоти борки, билиб-билмай хато қилади, адашади. Ҳаётда адашганларга имкон бериш, уларга бағрикенглик, меҳр кўрсатиб, тўғри йўлга солиш одамийликнинг энг юксак намунасидир.

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 20 нафар маҳкумаларни жазони ижро этиш жойларидан озодликка чиқарилиши ҳам бағрикенгликнинг бир нишонасидир.

Давлатимизда амалга оширилаётган бағрикенглик сиёсати туфайли маҳкума аёллар ўз оиласи бағрига қайтарилди.

Озодликка чиққан опа-сингилларимиз уларга билдирилган ишончни оқлайдилар ва юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ижобий ишларда ўзларининг ҳиссаларини қўшадилар, деган умиддамиз.

ИИВ Малака ошириш институти Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Умид Суннатов:

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда ўтказилган 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат қабул қилинган сана — 16 ноябрь бутун дунёда Халқаро бағрикенглик куни сифатида белгиланган.

Бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани Президентимиз Ш.М.Мирзиеёевнинг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.

Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 
19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

ИИВ Малака ошириш институти Жиноятчиликка қарши кураш кафедраси катта ўқитувчиси, майор Жаҳонгир Эсанов:

– Хато қилган инсонни кечириш, унга тўғри йўл кўрсатиш бўйича динимизда ҳам, муқаддас манбаларда ҳам келтириб ўтилган. “Инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан улуғ” тамойилида Юртбошимиз томонидан ҳаёт сарҳадларида адашган аёл-қизларимизни тўғри йўлга қайтариш маънавиятимизга, маданиятимизга мос. 

Жамиятда инсон борки ҳаётда билиб билмай адашиши мумкин. Ачинарлиси, бизнинг юртдошларимиз орасида бу каби инсонлар мавжуд.

Уларни тўғри ҳаёт тарзига қайтариш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар келгусида хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни  олдини олишга улкан ҳисса қўшадилар, деб ўйлайман.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар