Тадбиркорнинг 15 000 АҚШ долларини қўлга киритган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро А.В. якка тартибдаги тадбиркор У.К.ни алдаб унинг ишончига кириб, Хитой давлатидан балиқ маҳсулотларини олиб келиб беришни ваъда қилгани аниқланди.
Уддабурон мазкур режага тадбиркорни ишонтириб 15 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.В.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.