Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Муборак тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Косон туманида яшовчи Б.Норбоев бошқарувидаги махсус цистернали “КАМАЗ” русумли автомашинада 29 тонна 560 литр нефть маҳсулоти борлиги аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида “Ширинбулоқ” ЙПХ масканида тўхтатилган Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи Х.Ширинов бошқарувидаги махсус цистернали юк автомашинасида 44 тонна 980 литр нефть маҳсулоти борлиги ҳам маълум бўлди.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида фуқаролар Норбоев ва Ширинов Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи Д.Умаров ва Бухоро вилояти Бухоро туманида яшовчи И.Убайдовлар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда ушбу нефть маҳсулотларини Муборак туманида жойлашган “Ўрта булоқ” кони ҳудудидан ўтган қувурни яширинча тешиб, қўлбола мослама ёрдамида олганликлари аниқланди.
Яна бир ҳолатда эса Чироқчи тумани “Умакай” ЙПХ масканида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи Ш.Бўриев бошқарувидаги “Камаз” автомашинаси тўхтатилди. Текширув давомида Бўриев ҳамда унинг шериги В.Йўлдошев 16 тонна 647 литр нефт маҳсулотини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кетаётганлиги аниқланди.
Ўтказилган тадбирлар жараёнида жами 91 тоннадан зиёд нефть маҳсулотларининг ноқонуний ўзлаштирилишига чек қўйилди.