2019 йилнинг ёзида ҳамшишасини темир бўлаги билан уриб ўлдирган эркак 17 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Дарё” манбаси хабар берди.
2019 йилнинг 2 июль куни соат тахминан 13:30 атрофида гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилиб, маст бўлган Шукрулло Хуррамов Ургут тумани “Ғойибота” маҳалласидаги яшаш уйида таниши Зиёдулло Холиқназаров билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган. Ароққа газаги қолмаганидан сўнг, Шукрулла Хуррамов газак олиб келиш мақсадида “Бешкапа” маҳалласидан жигар пиширтириб олиб келиш учун уйидан чиқиб кетган.
Шукрулло Хуррамовни уйда йўқлигидан фойдаланмоқчи бўлган Зиёдулло Холиқназаров унинг ёлғиз ухлаб ётган қизи К.Т.га тегажоғлик қилмоқчи бўлганда у уйғониб хонадан ташқарига қочиб чиққан.
Ташқарига чиққан К.Т. чойхонадан қайтиб келаётган отаси Шукрулло Хуррамовни кўриб, унга Зиёдулло Холиқназаров тегажоғлик қилганлигини айтган. Хуррамов танишининг хатти-ҳаракатларидан ғазабланиб, спиртли ичимлик истеъмоли таъсирида оғир даражадаги мастлик ҳолатида бўлган Зиёдулло Холиқназаровни темир бўлаги билан танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба урган. Натижада у олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Ғайрат Неъматовнинг маълум қилишича, Шукрулло Хуррамов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”,“ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 17 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.






