АсосийSport

Миржалол Қосимов: "Жанубий Кореяга қарши ўйинда гол ура олмаган бўлсак ҳам улардан ёмон ўйнамадик"

Бугун, 29 январь куни ЎФФ анжуманлар залида Ўзбекистон терма жамоасининг ОК-2015 мусобақасидаги иштироки ва терма жамоанинг навбатдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳамда ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов иштирок этди. Бу ҳақда uz24.uz нашри хабар бермоқда.

"Барчани янги футбол мавсуми бошлангани билан табриклайман. Миллий терма жамоа Австралиядан қайтиб келди ва ҳозирда мусобақадан сўнг тикланиш жараёни ўтмоқда. Бу йили терма жамоалар бир қатор турнирларда иштирок этади. Жумладан, 23 ёшгача бўлган терма жамоа Таиландда бўлиб ўтадиган Қирол Кубоги мусобақасида иштирок этади ва шу ёш тоифасида Осиё Чемпионати саралаш баҳсларига тайёргарлик кўради. Ўзбекистон терма жамоаси эса июнь ойида старт оладиган ЖЧ-2018 саралаш баҳсларига киришади", - деди Толибжонов.

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов Осиё Кубогида чорак финалида терма жамоа яхши ўйин кўрсатган бўлса ҳам, омад кўпроқ рақиб томонида бўлганини айтди.

"Биз Осиё Кубогида муносиб иштирок этишни мақсад қилган эдик. Аммо, чорак финалда омад кўпроқ рақиб томонида бўлди. Ушбу натижа учун мухлислардан, журналистлардан узр сўраймиз. Осиё Кубогида Хитойга қарши ўйинда яхши ўйин намойиш эта олмаган бўлсак ҳам, терма жамоамиз ўйиндан ўйинга яхши очилиб бораётган эди. Жанубий Кореяга қарши ўйинда гол ура олмаган бўлсак ҳам улардан ёмон ўйнамадик. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ўйинда жуда катта аҳамиятга эга. Айтишим мумкин, Осиё Кубоги олдидан футболчиларимиз яхши жисмоний ҳолатда эдилар", - деди Қосимов.

Миржалол Қосимов шунингдек, мағлубиятда айнан кимнидир айблаш ноўрин эканини алоҳида таъкидлади.

"Истеъдодли ёшларимиз кўп. Улар учун Осиё Кубоги катта тажриба мактаби бўлди. Бундай ўйинлар терма жамоа келажаги учун фойдали. Мағлубиятда эса айнан кимнидир айблаш ноўрин. Масалан, Лутфулла Тўраев вазиятдан фойдаланганида қаҳрамон бўлиши мумкин эди".

ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов Қосимов терма жамоада ишлашда давом этишини ва Миллий терма жамоага ҳам, бошқа терма жамоалар мураббийлар штабига ҳам хориждан мутахассислар таклиф этиш режаси йўқ эмаслигини айтиб ўтди.

Асқар Толибжонов, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда хориж терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувини ўтказиши режада борлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, январь ойида 37 та мамлакат Футбол Федерацияларига таклифлар жўнатилган.

 

    Бошқа янгиликлар