АсосийJamiyat

Ўзбекистон“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмасида иштирок этади

2015 йилнинг 1 майидан 31 октябрига қадар Италиянинг Милан шаҳрида “Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси ўтказилади. Унда Ўзбекистон ҳам иштирок этади, дея хабар қилади ЎзА.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ мазкур кўргазмада мамлакатимиз компанияларининг кенг иштирокини таъминлаш, Италияда Ўзбекистон миллий павильонини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
Жаҳон кўргазмаси илк бор 1851 йили Лондонда ташкил этилган. Кўламдорлиги ва самарадорлиги боис кейинчалик бошқа мамлакатлар ҳам уни ўтказишга қарор қилган. Дунёга машҳур Эйфель минораси Парижда ўтган “Expo Paris 1889” жаҳон кўргазмасига бағишлаб барпо этилгани унинг нуфузидан яна бир далолат. 1928 йилда Францияда жаҳон кўргазмаларини ташкил этувчи уюшма – Халқаро кўргазмалар бюроси тузилган. Шундан буён ушбу тадбирга мезбонлик қилувчи мамлакат овоз бериш орқали танлаб олинади. Камида олти ой давом этадиган “Expo” жаҳон кўргазмаси ҳар беш йилда ўтказилади.
“Дунёни озиқлантириш, ҳаёт учун қувват” шиори остида ўтказиладиган бу галги жаҳон кўргазмасида 150 га яқин мамлакатдан мингдан ортиқ компаниялар иштирок этиши, унга 30 миллиондан зиёд киши ташриф буюриши кутилмоқда. Кўргазма иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноатининг барча замонавий йўналишларини қамраб олади. У ерда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилмахилликни сақлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва уларни сақлаш масалалари, ишлаб чиқаришнинг инновацион технологияларига оид ўнлаб бўлимлар очилади.
Мазкур нуфузли кўргазмага Ўзбекистоннинг таклиф этилгани бежиз эмас. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти изчил юксалиб бормоқда. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида кенг ўрин эгалламоқда. Экспортни қўллаб-қувватлаш, бундай корхоналарга имтиёз ва преференциялар беришга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай имкониятлар самарасида ўз маҳсулотларини экспорт қилиш истагидаги ишбилармонларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар таклиф этаётган маҳсулот ва хизматлар юқори сифати билан хорижлик истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.
“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси мамлакатимизнинг улкан иқтисодий салоҳиятини дунёга намойиш этиш, озиқ-овқат саноатидаги халқаро талаб ва эҳтиёжларни ўрганиш, янги ҳамкорлар топиш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, Италия билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг сармоя, экспорт-импорт, консалтинг ҳамда транспорт хизматлари кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳаларга ихтисослашган муассасалар, шунингдек, пахта толаси, енгил ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, машинасозлик, металлургия, тўқимачилик, фармацевтика, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмол моллари ва мебеллар савдоси билан шуғулланувчи компания ва корхоналар иштирок этади. Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўзмарказимпэкс”, “Ўзинтеримпэкс”, “Марказсаноатэкспорт”, “Ўзпроммашимпэкс”, “Ўзтадбиркорэкспорт”, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “Ўзулгуржисавдо инвест”, “Ўрта Осиё Транс”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” каби муассаса ва компаниялар шулар жумласидандир.
“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони учун 500 квадрат метр жой ажратилган. Унда мамлакатимиз иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, халқимиз маданияти ва миллий таомларига оид тўрт бўлим ташкил этилади. Миллий колорит билан безатиладиган Ўзбекистон павильони ўзига хос дизайни ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортиши шубҳасиз.
Кўргазма иштирокчилари халқимизнинг бой маданий-тарихий мероси, истиқлол йилларида мамлакатимиз эришган ютуқлар, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, эркин иқтисодий зоналари, ривожланган транспорти инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш саноати, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларидаги тажрибаси, замонавий техника ва технологиялари, ўзбек миллий таомлари, нон ва қандолат маҳсулотлари, урф-одат ва анъаналарига оид кўплаб маълумотлар билан танишиш имконига эга бўлади.
Халқаро кўргазма доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ошириш ва хавфсизлигини таъминлаш, соҳада янги инновация ва технологияларни кенг жорий қилиш, соғлом овқатланишни тарғиб этиш каби кўплаб мавзуларда семинар ва конференциялар ўтказилади.
“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси мамлакатимиз компания ва корхоналари учун хорижий давлатлар ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш, мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича келишувларга эришиш, юртимизга инвестициялар жалб этиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кенг имконият яратади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар