Навоий шаҳри ҳокимининг янги қарорига асосан оилавий ётоқхоналарда яшовчилар уйига меҳмон олиб келса, меҳмон учун ҳам алоҳида пул тўлаши жорий этилгани хабар қилинган эди. Ушбу ҳолатга Навоий вилояти адлия бошқармаси муносабат билдирди.
Унга кўра, Навоий шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 ноябрдаги Қ-907-сонли “Навоий шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги ётоқхоналардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарор лойиҳаси 16.10.2019 йилда Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, қонунчилик техникаси талабларига мувофиқлаштириш учун қайтарилган.
Шунингдек, қарор лойиҳаси қайта тақдим этилгандан сўнг Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан 22.10.2019 йилда ижобий хулоса берилган.
Мазкур қарор билан тасдиқланган “Навоий шаҳар ҳокимлигига қарашли ётоқхоналардан фойдаланиш бўйича низом”нинг 16-бандига асосан ижарага олувчининг хонасига меҳмон бўлиб келган яқин қариндошлари ётоқхонада тўрт соатдан ортиқ бўлган муддатда қолган тақдирда ётоқхонада қолган ҳар бир кун учун 3.000 (уч минг) сўм миқдорида тўлов тўланиши белгиланган.
Мазкур тўлов ётоқхоналар ўзини-ўзи молиялаштириши, қилинадиган сарф-харажатлар ҳисоб-китоблари (калкуляция) ҳамда меҳмон келган тақдирда вужудга келиши мумкин бўлган коммунал харажатларни қоплаш мақсадида жорий қилинган.
Ушбу вазиятда ётоқхонани ижарага олувчилар ва маъмурият ўртасида вужудга келган низоли ҳолатни бартараф этиш мақсадида Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан 2019 йил 10 декабрь куни Навоий шаҳар ҳокимининг қарорини тегишли тартибда мувофиқлаштириш юзасидан 12-06-3/752-2-сонли тақдимнома киритилди.
Мазкур тақдимномага жавобан, Навоий шаҳар ҳокимининг 2019 йил 11 декабрдаги Қ-956-сон қарори билан юқоридаги низомнинг 16-бандига ўзгартириш киритилиб, ижарага олувчининг хонасига келган меҳмон бир кундан ортиқ муддатга қолган тақдирда ҳар бир кун учун 3.000 (уч минг) сўм миқдорида тўлов тўланиши белгиланди.
Шунга кўра, энди ижарага олувчининг яқин қариндошлари ётоқхонага киришидаги чеклов олиб ташланди, шунингдек бошқа шахсларнинг меҳмон бўлиб келиш муддати тўрт соатдан бир кунга узайтирилди.
Шунингдек, “Вақтинчалик ётоқхонада яшаётган фуқаронинг уйига меҳмон келса, у ўша хонадонда вақтинчалик коммунал тўлов асосида яшаётган ТЎЛОВЧИнинг (хонадон соҳиби эмас) меҳмони ҳисобланади, Уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси учун эса меҳмон ҳам ТЎЛОВЧИ” , — дейилади расмий хабарда.