1

Қишлоқ хўжалигидан бу йил 217,7 трлн сўм фойда олинган (видео)

ИҚТИСОДИЁТ 19.12.2019, 16:35
Теглар: қишлоқ хўжалиги, мева, сабзавот
Қишлоқ хўжалигидан бу йил 217,7 трлн сўм фойда олинган (видео)

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўз интернет саҳифасида видеомрожаат эълон қилди. Унда айтилишича, яқинда мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни катта кўтаринкилик билан нишонланган. Жойларда ушбу сана муносабати билан Ҳосил байрамлари ўтказилган.  

Вазирлик матбуот хизматининг маълумотларига кўра, соҳа меҳнаткашларининг саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилда 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг 600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари, 8,1 миллиард дона тухум етиштирилди.  

Умуман олганда, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 217 триллион 700 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда олинди. 1,3 миллиард АҚШ доллари қийматидаги 1,5 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага фан-техниканинг илғор ютуқларини жорий этиш, экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам жадал давом эттирилмоқда.  

Хусусан, кейинги тўрт йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 300 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилиб, жумладан, 32 минг гектар ерда интенсив боғлар, 15 минг гектарда токзорлар, 2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо этилди, 114 минг гектарда сабзавот ва картошка, 72 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 52 минг гектарда озуқа экинлари етиштирилмоқда.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун мутлақо янги тизим бўлган кластерларни кенг жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан териб олингани бу тизимнинг қанчалик самарали эканини амалда исботламоқда. Шу сабабли, кейинги йилдан бошлаб пахта етиштиришни тўлиқ – 100 фоиз кластер усулига ўтказишга қарор қилинди. Шунинг баробарида, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва пиллачилик кластерларини ташкил қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

“Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар соҳани иқтисодиётимизнинг сердаромад тармоқларидан бирига айлантиришга, ҳаётимиз фаровонлиги, эл-юртимиз тўкинлигига хизмат қилади” дейилади ушбу видеомурожаатда. Видео:

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1