АсосийJamiyat

Талабалар турар жойидан ҳеч ким сабабсиз чиқариб юборилмайди

'Талабалар турар жойидан ҳеч ким сабабсиз чиқариб юборилмайди'ning rasmi

Хушнудбек.уз телеграм каналида маълум қилинишича, айрим ОТМ талабалари қишги таътил бошланишига 1 кун қолганда талабалар турар жойидан чиқиб кетишлари талаб қилинган. Айтишларича вилоятлик талабаларнинг кўпчилиги ўзи хоҳлаган кунга поездга билет йўқлиги сабабли бир неча кун кейинга билет олишган. Энди улар кўчада қоладими? Тошкент шаҳрида бошпанаси бўлмаганлар нима қилади?

Кечроқ саналарга билет олган талабаларни ётоқхонадан чиқариб юбормаслик ҳақида умумий топшириқ берилса ва бу бўйича вазирлик расмий муносабат билдирса яхши бўларди, деб ёзади ўз постида блогер. 

Ушбу воқеага нисбатан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Edu.uz канали қуйидагича изоҳ берди:

 2019 йил 20 декабрдан 2020 йил 6 январгача олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчилари қишки таътилга чиқишади.

Қишки таътил муддати талабаларга конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда 2019 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловларида иштирок этишлари учун ўзгартирилди.

Бундан кўзланган мақсад талаба-ёшлар ўзлари яшаб турган ҳудуддан туриб сайловларда иштирок этиши ҳамда узлуксиз дам олишлари учун имконият яратишдир.  

Тошкент шаҳридаги талабалар турар жойларида 89 мингдан зиёд ёшлар истиқомат қилади. Муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва хавфсизлик нуқтаи назаридан 2019 йил 21 декабрь куни барча талабалар турар жойлари ёпилади.

Бунда гуруҳ раҳбарлари талабалар турар жойида истиқомат қиладиган ҳар бир талаба билан мулоқотда бўлган ҳолда уларнинг қишки таътилни мазмунли ўтказишларида кўмаклашади.

Янги йил ва сайлов муносабати билан авиа ва темир йўл чипталарига талабнинг ортиши ҳамда бошқа узрли сабабларга кўра доимий яшаш манзилига кетишга кечикадиган талабаларга шароит яратилади.  

Талабалар турар жойида ҳеч ким сабабсиз чиқариб юборилмайди!

Бошқа янгиликлар