АсосийJamiyat

Япониянинг BS-ASAHI телеканалида ўзбекистонга бағишланган кўрсатув намойиш этилди

Телеканалнинг  “Ima Sekai wa” («Бугунги дунё») дастури доирасида мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимиз бағрида жойлашган тарихий шаҳарлар, ўзбек халқининг бой маданий мероси сингари мавзулар қамраб олинган телекўрсатув  эфирга узатилди.

Хабар берилганидек, дунё сайёҳлари Ўзбекистонга катта эътибор билан қарашмоқда. Жаҳон сайёҳлик бозорида республикамизнинг тобора ортиб бораётган нуфузи хусусида тўхталар экан,  BS-Asahi  кейинги йиллар давомида Ўзбекистонга бораётган сайёҳларнинг сони 7 баробарга кўпайганини алоҳида таъкидлади. “Мамлакатга келган сайёҳлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари афсонавий шаҳарларда жойлашган меъморий ёдгорликлардан ҳайратга тушадилар. Мазкур тарихий ёдгорликларнинг аксарияти ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган”, деди япон журналисти.

Телекўрсатувда Тошкент телеминораси, Алишер Навоий номидаги академик катта театри, Самарқанддаги Бибихоним масжиди, Бухородаги Минораи калон, Хиванинг Ичон қалъаси ҳақида атрофлича сўз борди. Алоҳида қайд этилганидек, ана шундай осори-атиқалар хорижий сайёҳларда ва меъморий гўзаллик шайдоларида унутилмас таассуротлар қолдирмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, япон экспертлари билан бўлган интервюлар ҳам мазкур кўрсатув саҳифасидан жой олди. Улар ўсувчан иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон Япония учун Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим мамлакат эканлигини таъкидлашди. Маълум қилинганидек, республикада ҳар томонлама ривожланган, баркамол авлодни тарбиялаш ишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда ўзбек ёшлари фаоллик билан хорижий тилларни, жумладан, япон тилини ўрганишмоқда.

Ушбу теледастур намойиши япон томошабинларини орасида мамлакатимизга нисбатан қизиқишни янада кучайтирди, дея хабар беради uz24.uz нашри “Жаҳон” ахборот агентлиги маълумотларига таяниб.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар