Қорақалпоғистон Республикасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тараддуд кўрилмоқда, деб хабар қилади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон сайлов округида 589 сайлов участкаси тузилиб, фуқароларнинг овоз бериши учун барча шароит яратилмоқда.
– Округ сайлов комиссиясининг махсус иш режасига мувофиқ, Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди округ сайлов комиссияси раиси Кенесбой Каримов. – Комиссиянинг самарали фаолият олиб бориши учун барча шароит яратилди. Етарлича хоналар ажратилиб, зарур техника ва анжомлар, алоқа воситалари билан жиҳозланди. Матбуот хизмати зарур адабиётлар, услубий қўлланмалар билан таъминланиб, ўз фаолиятини бошлади.
Барча сайлов участкаларининг тартиб рақами ва манзили кўрсатилган ҳолда улар ҳақидаги маълумотлар қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида маҳаллий нашрларда эълон қилинди. Жойларда участка сайлов комиссияси таркибини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Очиқлик, ошкоралик сайловнинг асосий мезонидир. Бинобарин, бўлажак сайловнинг ана шундай демократик тамойиллар асосида юқори савияда ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
05.02.2015 09:44





