Тошкентшаҳрида 168 та ёш оилага "Ёшлар уйлари" топширилди Тошкент шаҳар, Сергели тумани 7А-мавзе 8-9-қурилиш майдонлари ҳудудида барпо этилган хонадонлар турли соҳаларда муваффақиятларга эришаётган 168 та ёш оилаларга тантанали топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 753-сонли қарори асосида жамиятнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиб келаётган ёш оилаларга имтиёзли равишда уй-жойларнинг топширилаётгани оила пойдеворини мустаҳкамлаш борасидаги хайрли амаллардан бири бўлди.
Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгашининг маҳаллий Кенгашларига мурожаат қилган номзодларнинг ҳужжатлари тегишли тартибда ҳудудий ҳамда Республика комиссиялари томонидан ўрганиб чиқилиб, улар орасидан уй-жойга муҳтож бир гуруҳ ёшларга имтиёзли асосда уйлар берилиши белгиланган эди.
“Ёшлар уйлари” 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида берилди. Янги уйлар икки ва уч хонали бўлиб,бу ерда ёш оилаларнинг тўкин, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитлар яратилган. Фарзандлари учун замонавий ўйин майдончалари ҳам қурилган. Ушбу уйлар барча талабларга жавоб берадиган, етарли қулайликларга эга. Табиий газ, иссиқ ва совуқ сув, телефон алоқаси ҳамда электр энергияси билан тўлиқ ва узлуксиз таъминланган. Янги уйга эга бўлган ёш оилалар вакилларининг қувончи чексиз.
- 2011 йилдан буён телевидениеда журналист сифатида самарали фаолият юритиб келяпман. Шу кунга қадар оиламиз билан ижарада яшаб келдик. Раҳбарият меҳнатларимни қўллаб-қувватлаб уй олиш учун ижобий тавсиянома берди,- дейди Умида Хўжақулова.-Турмуш ўртоғим билан икки фарзандни тарбиялаб, камолга етказаяпмиз. Бу уй биз учун Янги йилга муносиб туҳфа ва бахтли кунларимизнинг дебочаси бўлди. Байрам арафасида янги уйга кўчиб ўтаётганимиздан беҳад шодмиз.
"Ёшлар уйлари" нинг имтиёзли кредит асосида, бошланғич тўловларсиз берилаётгани ёш оилалар учун катта имкониятдир. Бунда уйларнинг бошланғич 25 фоиз бадал пуллари кейинчалик кредитни қайтариш муддати яъни 20 йил давомида бўлиб-бўлиб қайтариб бериш шарти билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилади. Бугунги кун ҳолатига жами 45,7 млрд. сўм миқдоридаги маблағлари ёшлар учун тўлаб берилди.






