26 декабрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида фан ва робототехника олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йил 15 декабрь куни Тошкентдаги Инха университетининг филиалида Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан умумтаълим мактабларининг 3-11 синф ўқувчилари ўртасида математика фани бўйича “Math League” халқаро олимпиадаси ташкил этилди. Ушбу олимпиадада биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчилари Муродали Кўчимов ва Жаҳонгир Рўзиқулов ҳамда уларнинг устози Наргиза Элова Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, 2019 йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган кимё фани бўйича “6 th International Chemical Competition” халқаро онлайн олимпиадасида Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси Дурдона Мухторхўжаева ва 9-синф ўқувчиси Азимжон Жамолов кумуш медаль, 9-синф ўқувчиси Жасур Раҳматуллаев бронза медаль соҳиби бўлдилар. Шу муносабат билан олимпиада ғолибларига ва уларнинг устози Беҳзод Болтаев ҳам вазирликнинг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Робототехника соҳасида Тайландда бўлиб ўтган “21th International Robot Olympiad 2019” халқаро робототехника олимпиадасида фаол иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Мазкур олимпиадада олтин медалга муносиб кўрилган лойиҳани ривожлантириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 15 млн. сўм миқдоридаги грант маблағи ажратилгани тўғрисида сертификат топширилди.






