Муқаддам бир неча бор судланган лўли миллатига мансуб 19 ёшли қиз хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, ўрганган кўнглини ўртанишига йўл қўймайди...
2018 йил 13 июль соат тахминан 18.00 ларда Чуст туман, “Хисорак” МФЙда яшовчи фуқаронинг уйига ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, боғ эшиги орқали киради. Бир дона бозор нархи 2.500.000 сўмлик ноутбук ва унинг қувватловчи мосламасини ўғирлайди.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 майда Косонсой туманига тиламчилик қилиш мақсадида бориб, Косонсой тумани, Қорасув маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйида ҳеч ким йўқлигини билиб, уйга девор ошиб киради. Нархи 1.600.000 сўмлик телевизорни диван устига тўшаб қўйилган чойшабга ўраб олиб чиқиб кетган.
“АЙБИМГА ИҚРОРМАН”
Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлган...
- Дастлабки терговда берган кўрсатмамни тўлиқ тасдиқлайман. Ота-онам вафот этган. Ҳозирда бувимнинг қарамоғида яшайман. Укаларимни боқиш учун туманларга тиланчилик қилиш мақсадида бориб тураман. 2018 йил июлнинг ўрталарида Чуст шаҳрига киришдаги биринчи автомашиналар айланиб турадиган жойда тушиб қолдим. Пастки томондаги кўчага қараб юрдим ва хонадонларга кириб эҳсон сўрадим. Шу кўча бўйлаб тўғри борган вақтимда тўғрига ва чапга дала томон юрадиган йўлда бир хонадонда ҳеч ким жавоб бермади. Қорним оғриб қолгани учун ҳожатхонага кирдим. Сўнг уйда ҳеч ким йўқлиги сабаб, уйга кирдим. Гилам устида ноутбук турганини кўриб, зарядловчи қурилмаси билан олиб уйдан чиқиб кетдим. Пул кераклиги сабабли ўғирлаган ноутбукимни 500.000 сўмга сотдим.
2019 йил 1 майда Косонсой туманига бориб тиламчилик қилиб юрганимда, худди аввалгидек хонадонлардан биридан ҳеч ким чиқмади. Сўнг девордан ошиб ичкарига кирдим. Хоналарга бирма-бир кириб чиқдим. Телевизор турганини кўриб, матога ўраб олиб чиқиб кетдим. Телевизорни Андижондаги Асака деган жойига олиб бориб, 400.000 сўмга сотдим. Пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатдим. Қлмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Айбимга иқрорман, жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб бердим.
“ИИБга АРИЗА БИЛАН МУРОЖААТ ҚИЛДИМ”
Биринчи жабрланувчи судда дастлабки терговда берган кўрсатмасини тўлиқ тасдиқлаган...
- 2018 йил 13 июлда қариндошиникига тўй бўлаётгани сабабли уйида бўлмаганман. Тўйдан қайтгач, ноутбук ўғирланганини билдим. Ҳолат бўйича туман ИИБга ариза билан мурожаат қилдим. Сўнг 2019 йилнинг майида ўғрини аниқлашди. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвом йўқ.
“ТЕЛЕВИЗОРИМ ЙЎҚЛИГИНИ ПАЙҚАДИМ”
Иккинчи жабрланувчи ҳам судда, дастлабки терговда берган кўрсатмасини тасдиқлади...
- 2019 йил 1 май куни эрталабки соат тахминан 07:15 ларда уйимнинг эшикларини ва дарвозани қулфлаб ишга кетдим. Шу куни соат тахминан 14:00 ларда ҳамкасбим билан биргада уйга қайтдим. Кириш дарвозанинг катта табақаси очиқ ҳолатда турганини кўрдим. Сўнг уйга кириб хоналарни кўздан кечира бошладим. Шунда телевизори ва диван устига тўшалган чойшаб ҳам йўқлигини пайқадим. Мазкур ҳолат бўйича ҳудуд профилактика инспекторига хабар бердим. Сўнг туман ИИБ ходимлари келиб воқеа жойини кўздан кечиришди. Керакли ҳужжатларни расмийлаштиришди. Ҳозирда етказилган зарарнинг 2/3 қисми қопланди. Етказилган зарарнинг қолган қисмидан ихтиёрий воз кечдим. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвом йўқ.
“3 ЙИЛ СИНОВ МУДДАТИ БЕЛГИЛАНДИ”
С.Бадриддинов, жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди раиси:
- Судланувчига Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 60-моддалари тартибида, жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг 2018 йил 5 декабрь кунидаги ҳукмига асосан тайинланган ва жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг 2019 йилт 18 октябрдаги ажрими билан ўзгартирилган, синовнинг шартлилиги бекор қилиб, тўланмай қолган 446.625 сўм жарима жазоси тўлиқ, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиб, узул-кесил 446.625 сўм жарима жазоси ҳамда 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, судланувчини дастлабки қамоқда ўтирган 98 кунини қамоқнинг бир кунини бир кунга ҳисоблаб, 4 йил 10 ой 22 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига қолдириди.
Судланувчига нисбатан Жиноят кодекси 72-моддасини қўллаб, шартли ҳукм қилиниб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш мақсадида судланувчи судланувчи томонидан Наманган вилоят ИИБнинг ҳисоб рақамига топширилган 500.000 сўм пуллар жабрланувчига қайтарилиши белгиланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист






