1

Қашқадарё ва Сурхондарёда кластер корхоналар сони ортади

ИҚТИСОДИЁТ 11.01.2020, 10:33
Қашқадарё ва Сурхондарёда кластер корхоналар сони ортади

8-10 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлиб, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш соҳасида 2020 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ташаббускорлар билан учрашди.

Шу муносабат билан ташкил этилган семинарда мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтиришга доир масалалар муҳокама этилди.

Семинарда Қашқадарёда тажриба тариқасида Қамаши, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида 1 тадан ҳамда Китоб туманида 2 та - жами 6 та мева-сабзавотчилик йўналишидаги кластер корхоналарини ташкил қилиш белгиланди. Вилоятда кластерлар томонидан жорий йилда 28 минг тоннадан кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Шундан 10 минг тоннаси қайта ишлашга қаратилган бўлса, яна 10 минг тоннаси ички истеъмолга мўлжалланган.
Ташаббускорлар томонидан боғ ва токзорларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашишда амалий тавсиялар берадиган агрономларнинг етишмаслиги, фермерлар учун мунтазам равишда ўқув курсларини ташкил қилиш ва кластер корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш механизмини жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу кластерларга туманлардаги 2099 гектар майдонда фаолият юритаётган 416 та фермер хўжалиги бириктирилиб, 315 гектар майдонида янги боғларни ташкил қилиш ҳисобига ўрик, шафтоли ва гилос меваларини етиштиришга ихтисослаштириш бўйича кўрсатма берилди.

Қамаши туманида йилига 9 минг тонна мева сабзавотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган “Агро Васток” МЧЖ иштирокида қайта ишлаш ва қадоқлаш кластари ташкил этилмоқда, ушбу кластер 24 гектар майдонда токзор барпо этган.
Китоб туманидаги “Боғизор Варганза” МЧЖга ихтиёрида 502 гектар узумзорлар эга бўлган корхона негизида мева-сабзавотчилик кластерини ташкил қилиш келишиб олинди.
Ишчи гуруҳга кластерларга ажартилган ер майдонларида экинларни турлари ва навлари бўйича тўғри жойлаштириш ҳамда экинларни экиш ва маҳсулот етиштириш графикларини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Бундан ташқари танлаб олинган кластерлар 2020 йилда 7,2 млн АҚШ доллар қийматидаги экспортни амалга ошириш бўйича
(ўтган йилга нисбатан 4,8 марта кўп) экспорт графигини ишлаб чиқиш топширилди.
Тадбир иштирокчилари вилоятнинг Яккабоғ туманидаги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган “SHarofat ona qahramon” МЧЖ кластери фаолияти билан танишдилар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Жамшид Ходжаев, шунингдек, Сурхондарё вилояти Шеробод тумани “Абдулла бобо ўғли Бахтиёрбек” МЧЖ, “Фазлиддин олтин дони” фермер хўжалиги, “Шеробод агро импекс” МЧЖ, мева-сабзавот кластерлари раҳбарлари ва уларга бириктирилган фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди.

Учрашувда соҳа мутасаддилари, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар раҳбарлари учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1