АсосийShou-biznes

Муниса Ризаева: “ШОУ БИЗНЕС МЕНИ ҚАЙТА ТАРБИЯЛАДИ”

Қамариддин Шайхов, мухбир:

Хонанда Муниса Ризаева ўтган йили ҳақиқатдан ҳам жуда кучли ижод қилди. Бир қанча хит қўшиқлар, янги клиплар, илк яккахон концерт дастури... Шунга яраша унинг меҳнатлари эътиборсиз қолмади. “Эътироф-2014” тақдимот маросимида “Йилнинг фаол хонандаси” номинацияси билан тақдирланди. Дарвоқе, суҳбатдан аввал ижтимоий тармоқлар орқали Муниса Ризаеванинг мухлислари интервьюда ўз саволлари билан иштирок этишлари мумкинлигини эълон қилиб, энг оргинал саволларга хонандадан жавоб олиб беришга ваъда бергандик.  Уч кун ичида хонандага 80 дан ортиқ саволлар келиб тушди. Фурсатдан фойдаланиб, биз Мунисани суҳбатга чорладик.

— Муниса, ижтимоий тармоқлар орқали чолғучилар билан жонли  ижрода қўшиқ куйлаётганингизни кўрдим. Бу янги лойиҳами?

— (Кулиб) Яна жонли ижронинг пайига тушганман. Тўғрисини айтсам, энди нафақат концертларда балки тўйларда ҳам юз фоиз жонли ижрода куйламоқчиман. Шунингдек, бу йил бўладиган концерт дастуримга ҳозирданоқ тайёргарликни бошлаб юбордик. Чунки, ўтган йилги концертимдан ўзим унчалик қониқмадим. Маъмуримнинг кетиб қолиши, концерт олдидан  мени чув туширишгани сабаб анча қийналдим.

— Ўтган йил сўнгида “Эътироф-2014” миллий мукофоти билан тақдирланишингиз кўпчилик учун кутилган воқеа бўлди. Менимча ўзингиз кутмагандингиз.

— Ҳа, ҳақиқатдан ҳам кутмагандим. Чунки ўтган йил ижодимда жуда катта йўқотишлар, алдовлар, зарбалар бўлганди. Умид қилдим-у, лекин менга беришмаса керак деган ўй ҳаммасидан устун келарди. Мен ҳар қалай Шаҳзода олса керак деб ўйлагандим. Катта саҳнада ўз номимни эшитиб юрагим ҳапқириб кетди.

Ҳар бир ижодкор ижод қилар экан, ўз қилаётган иши билан элга манзур бўлсам, меҳнатларим инобатга олинса дейди. Мен фурсатдан фойдаланиб биз ёшларга шундай шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига шунингдек, мени яхши-ёмон кунимда доим ёнимда бўлган, қўллаб-қувватлаган, мен учун жонини беришга тайёр бўлган мухлисларимга ташаккур айтаман (кулиб). Ҳалигача камтарона  меҳнатим шунчалик эътибор қозониб, мукофотга лойиқ кўрилганимга  ишонмаяпман. Бу тўрт йиллик ижодимдаги илк ютуқ.

— Саҳнада мукофотни қабул қилиб олганингиздан кейин, қўлингиздан тушириб юборганингиз, ўша заҳоти саҳна ортида гап-сўзларнинг болалашига сабаб бўлди.

— Бу гаплар ўзимнинг ҳам қулоғимга етиб келди. Нима ҳам дердим, демак мен ўша гапираётган одамлардан бир қадам бўлса-да, олдинда эканманки улар мени ортимдан гапиришяпти. Мукофотни олгач, ўзимга нисбатан ишончим ошди. Демак мен шунча вақт мобайнида бекорга ишламабман. Демак мен ўзбек санъатига керак эканман. Буни ҳис қилишнинг ўзи ёқимли. Албатта бунинг маъсулиятини ҳам унутмаслик керак. Мукофотни қўлимдан тушириб юборишимга келсак, юқорида айтганимдек ҳақиқатдан ҳам кутмаган эдим! Ҳаяжонланганимдан қўлларим қалтираб, мукофот қўлимдан тушиб кетди. Бу ҳеч қандай “пиар” эмас (кулиб) Одамлар ўзлари тўқиган ёлғонга чиппа-чип ишониб, сўнг мени айбдор қилишади.

— Кўпгина интервьюларингизда ҳали мукофот олишга лойиқ иш қилганим йўқ деган гапни айтардингиз...

— Биласизми, орадан йигирма йил ўтгандан сўнг насиб қилиб яна сиз билан суҳбатлашсак, ўшанда ҳам ҳеч иккиланмай шу гапни айтаман. Мен жуда талабчанман. Ўзимга нисбатан танқидий қарашларим  жуда юқори. Марҳум бобом “Ҳеч қачон ўзингни мақтама, мен зўрман деб айтамагин. Зўрман деган кунинг эртанги ютуқларинга нуқта қўясан” деб кўп такрорлардилар.

— Муниса, олдингидан анча оғир-босиқ бўлиб қолгансиз. Бунга нима сабаб бўлди?

— Ҳаёт... Шоу-бизнес мени қайта тарбиялади. Кечагина дадам билан шу ҳақда гаплашиб ўтирган эдик. “Дада, шоу-бизнесга киришимга, санъаткор бўлишимга ойим иккингиз доим қарши бўлгансизлар. Биласизми, оиладаги тарбия, каттани ҳурмат қилиш, кичикка иззатда бўлиш каби анъанавий тарбия ўз йўлига, лекин ҳаётий тарбияни менга шоу-бизнес берди” – дедим. Дадам ҳайрон бўлди, ҳатто бироз ранжиди ҳам. Йўқ, мен бу билан ота-онам мени тарбия қилмади демоқчимасман, аксинча  оиламизда ҳақиқий ўзбекона тарбия муҳитида катта бўлганмиз. Шоу-бизнесга  киргач одамларни фарқлашни, оқ билан қорани ажратишни ўргандим. Борган сари бир нарсага янада имоним комил бўлиб боряпти: шоу-бизнес оламида  ҳақиқий дўстлик йўқ экан. Энди мен ҳам бошқалар қатори ҳамма билан кулиб кўришиб, кулиб хайрлашиб, маълум чегарани сақлаган ҳолда муносабатда бўлишни ўргандим. Аввалари бирор киши мендан ноўрин хафа бўлиб қолса ҳам охирига етмай қўймасдим. Яхшиси оч қорним, тинч қулоғим деб бошқаларга ўхшаб яшаш керак экан. Асабимни, вақтимни, сабримни бошқа одамларга кетказишдан наф кўрмадим.

— Интервьюларингизда кўп дўстларингиздан панд еганингиз ҳақида гапирасиз. Ўзингизга мен бошқаларга қандай дўст бўла оляпман деган саволни бериб кўрмаганмисиз?

— Араб тилида Муниса дегани “вафодор дўст” деган маънони англатаркан. Чақалоқ туғилиб, унинг қулоғига азон билан исми айтилганда тақдири исмига мос тарзда ёзиларкан. Мен дўст бўлсам, ўша одамга боримни беришга ҳаракат қиламан. Райҳон билан муносабатларимиз бузилганида ҳам одамлар “Муниса айбдор, Райҳонга содиқ дўст бўлмади”, дейишди. Мен эса кутдим, сабр қилдим. Мана вақт ўтиб, у ҳаммасини тушуниб етди-ку. Ким дўст, ким душманлигини билди.

Менда шундай одат бор: қачонки бирор одам билан қадрдон бўлдимми ёки бир дастурхон атрофида туз тотиб, у билан суҳбатлашдимми ўша гапирилган гап айтилган жойда қолади. Ҳеч қачон бировнинг сирларини, шахсий ҳаётини одамларга ошкор қилмаганман. Бу менинг ҳаётий қонуним. Ҳаттоки мени чув тушириб кетган маъмурим ҳақида ҳам ёмон гап айтмайман. У жуда зўр маъмур эди. Чунки, ўз вақтида у билан бирга ишлаганмиз, яхши-ёмон кунларни бирга баҳам кўрганмиз.

 

— Интернет орқали етиб келган саволларни беришни бошласам. Жасур Ғойипов билан тўй машмашалари ҳақиқатмиди ёки пиар? Нега унинг тўйига бормадингиз? Ҳолбуки Жасур сизнинг концертингизга келган эди.

— Жасур билан тўйимиз ҳеч қандай пиар бўлмаган. Мен уни жуда ҳурмат қиламан, у ҳақиқатдан ҳам яхши йигит. Тўйида иштирок этмаганимга келсак, шунча шов-шувлардан кейин, унинг тўйига боришим ҳам унча  тўғри бўлмасди... Нима бўлганда ҳам бўлиб ўтган воқеаларни шунчаки унутиб кетишнинг имкони йўқ. Унга эса фақат ва фақат оилавий бахт тилайман.

— Муниса Ризаеванинг ўзи қачон турмушга чиқмоқчи?

— Насиб қилса албатта турмушга чиқаман ва бундан мухлисларим ҳам, сиз ҳам  бехабар қолмайсиз. Мен турмуш, оила масаласига жуда жиддий қарайман. Бир марта ва бир умрга турмушга чиқаман. Юрагим жиз этиши керак, чиндан ҳам севиб қолишим керак деб аравани қуруқ олиб қочадиганлардан эмасман. Аввало мени ва мен севган инсоннинг дунёқараши, ўзига ишончи, сабр-тоқати, ақл-заковати меникидан кучли бўлиши керак. Менга бир қарашнинг ўзидаёқ гапини ўтказа оладиган, оилада ҳақиқий бош бўладиган турмуш ўртоқ керак.

— Талабларингиз жуда юқори. Ўзингиз бугун топганларингиздан кечган бўлармидингиз?

— Албатта. Гарчан санъат ҳаётимнинг мазмуни, бир бўлаги бўлса ҳам ўйлаб ўтирмай оилам, фарзандларим учун санъатимдан кечган бўлардим.

— Санъатни тарк этиш қийин кечар.

— Ҳозирча бир нарса дейишим қийин, лекин аввал ўзбек санъати тарихида қоладиган қўшиқлар қилишим керак. Бир кун одамлар мени турмуш ўртоғим, фарзандларим даврасида кўча-кўйда кўрганида “эсингиздами, бир пайтлар Муниса Ризаева деган санъаткор бўларди, жуда зўр қўшиқлар айтганди” деб эслашлари мен учун жуда ёқимли.

— Мухлисларингиз томонидан берилган навбатдаги савол менга жудаям ёқди. “Қайси хатога йўл қўймаганимда бўлиб ўтган кўнгилсизликларнинг олдини олган бўлардим”, деб ўйлайсиз?

— (ўйланиб) Одамларга жуда ишонувчанман. Бугунгача нимани йўқотган, нимадан панд еган бўлсам, ҳаммаси дуч келган одамга ишониб кетаверишимдан деб биламан...

— Муниса Ризаеванинг суҳбат сўнгида барча одамларга айтадиган гапи борми?

— (ўйланиб) Бир-биримизга меҳрибон бўлайлик, ширин сўзимизни аямайлик. Дунёда сотиб олиб бўлмайдиган туйғуларни қандай бўлса шундайлигича, софлигича сақлайлик.

 

Хонанда Муниса Ризаева ҳақида 10 факт

1. Қўшиқлари сони: 20 дан ортиқ

2. Клиплари сони: 14 та

3. Уни танитган қўшиқ: “Бевафо ёр”

4. Фильмлари: “Фирибгарлар”, “Кичкина Хўжайин”, “Пойқадам”, “Хижрон”, “Салом Наташа”, “Нафс”

5. 2014 йилнинг 7-8-9 октябр кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Қалбим” навоси номли илк яккахон концерт дастурини тақдим этган.

6. Рус ва инглиз тилларини мукаммал билади.

7. 2014 йил “Этироф-2014” тақдимот маросимининг “Йилнинг фаол хонандаси” номинацияси совриндори бўлди.

 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар