Саҳифамизнинг галдаги меҳмони илк маротаба “Лайлижон” қўшиғи билан хониш қилган эди. Қўшиқ ҳам, ижро ҳам ёмон эмас... Аммо санъаткор учун тўрт йил давомида битта хит қўшиқ камдек, назаримизда. Қани, шу каби қалтис саволларимизга Фарҳод ФАЙЗ нима деб жавоб бераркин?
— Санъат соҳасига кириб келишингиздан аввал қайси соҳада фаолият юритгансиз?
Хусусий тадбиркор эдим. Қолаверса, дадам бокс мураббийи бўлгани боис унга ёрдам бериб турардим. Дадам санъатга ҳам қизиқар, Бухоро вилоятидаги мактабларнинг бирида мусиқа ва жисмоний тарбия ўқитувчи бўлиб ишлаганлар. Бўш вақтларида эса қўшиқ куйлаб, халқ хизматида бўлган. Мендаги санъатга бўлган қизиқиш дадамдан ўтиб, уларнинг қўшиқларни катта саҳналарда куйлай бошладим. Кейинчалик дадам менга оқ фотиҳа берди ва пойтахтга келиб ижод қила бошладим. 2011йилда куйлаган илк “Лейлижон” номли қўшиғимга тарихий услубда клип суратга олиб, эфир орқали тақдим этдик. Қўшиқ ва клип юзасидан мухлислардан илиқ фикрлар эшитдик.
— Демак, санъат соҳасида маълумотингиз йўқ, шундайми?
— Нега энди? Ҳозир маданият институтининг фольклор бўлими иккинчи курс талабасиман. Мана шу каби саволларга дадил жавоб бериш учун, қолаверса, ўзим шу соҳага қизиққаним боис ҳам ўқишни эрта кечи йўқ деб ўйладим...
— Ижодингизни бошлаганингизга тўрт йил бўлипти. Аммо тўрт йил ичида атиги битта қўшиғингиз мухлислар кўнглидан жой олди...
— Гапингизда жон бор. Бунинг сабаби, куйлаган қўшиқларимни етарлича реклама қилмадим. “Алам”, “Сендан садо йўқ”, “Уйда кутар аёлим”, “Гулим десам”, “Ватан” каби қўшиқларни ёздик. Баъзиларига клип ҳам суратга олдик. “Сендан садо йўқ”, “Алам” номли қўшиқларимиз “Наво” телеканали орқали тақдим этилди.
— Сизни пойтахтда кўпчилик танимайди... Вилоятларда мухлисларингиз кўп бўлса керак?
— Гапингизга қўшилмайман. Вилоятларда қанча кўп мухлисларим бўлса, пойтахтда ҳам ундан кам эмас. Балки қўшиқларимни телеэкран орқали реклама қилмаганлигим боис кўпчилик билмас, аммо тўй хизматларида, тадбирларда фаол иштирок этиб келяпман. Кейин мен биров таниши учун ижод қилмайман. Аксинча, ўзим санъат соҳасини севганим боис, чиройли қўшиқлар яратиб халққа етказгим, қўшиқларим билан улар кўнглига кириб боргим келади.— Қайси санъаткорнинг ижодини кузатиб, қўшиқларин севиб тинглайсиз?
— Мен ўзим юз фоиз ижодини севиб тинглайдиган санъаткор йўқ. Аммо Жаҳонгир Отажонов, Юлдуз Турдиева, Гулсанам Мамазоитова, Отабек Муҳаммадзоҳид, Оғабек Собиров, Муножот Йўлчиева сингари санъакорларнинг ижодини ҳурмат қиламан.
— Ўзингизга ва ижодингизга юқори баҳо берасизми?
— Санъатдан олдин спорт соҳасида ишлаганим боис ўзимга бўлган ишончим юқори. Аммо манмансираш, кимдандир ўзимни баланд қўйиш, бировни камситиш каби қусурлар менга бегона.
— Айтинг-чи, танилиш учун нималар керак деб ўйлайсиз?
— Халқ ичига кириб бориш учун яхши қўшиқ, шеър, мусиқа яратиш, яхши клип суратга олиш керак. Муҳими, ўша яратаётган қўшиқ ва клипда халқ дарди намоён бўлса, у оммага кўпроқ манзур бўларкан. Бугунги кун шоу бизнеси эса кўпроқ рекламани талаб қиляпти. Шу боис санъатнинг нонини ейиш ҳам осон эмаслигини англаб етдим.
— Санъатга кеч кириб келдингиз, бугунги шиддатли шоу бизнесда порлаб чиқаман, деб ўйлайсизми?
— Кўринишимга қараб эмас, санъатимга қараб баҳо берсангиз яхши бўларди. Асл тингловчи, асл мухлис санъаткорнинг кўринишига эмас, санъатига қизиқади. Қолаверса, ҳеч қаерда ёзиб қўйилмаганку, санъатда фақат ёшлар ижод қилиши керак деб...(жилмаяди).
— Лекин бугунги ёш тингловчилар сизнинг қўшиқларингизни тинглашига ишонасизми?
—Мен айнан муайян бир аудитория учун ижод қилмоқчи эмасман. Агар бугуннинг ёш замонавий тингловчиси қўшиғимни ёқтирмаса, демак у ўзбек миллий эстрада қўшиқларини тушунмайди ва ижодимни баҳолай олмайди. Ҳақиқий санъатсевар тингловчи эса қўшиқларимни севиб тингламаса-да, ҳар ҳолда ижодимни кузатиб, санъатимга баҳо бера олади, деб ўйлайман... Масалан, “Лайлижон” номли қўшиғим кўплаб мухлисларга манзур бўлди. Яқинда Бухоро йўналишдаги янги “Умидахоним келоди”, “Нигинахоним”, “Янгалар” каби шўх қўшиқларимиз ёш мухлислар кўнглидан жой олишига ишонаман.
— Лойиҳамиз қалтис саволлардан иборат эди. Шу боис хафа бўлмадингиз, деб умид қиламиз. Ижодингизга эса омад тилаб қоламиз.
— Ўзи ортиқча гап кўтара олмайман. Яқинларим, дўстларим ҳам мен билан унча-мунчага ҳазиллашишмайди. Аммо баъзи танқидларингиз ўринли бўлганлиги учун, сабр билан жавоб бердим (кулади).
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди





