1

Турин политехника университети талабаси ўзбек, рус, инглиз тилларида глобус ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

ЖАМИЯТ 19.02.2015, 18:41
Турин политехника университети талабаси ўзбек, рус, инглиз тилларида глобус ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаси бўлган Қибрайлик Бобуржон Зокиров “Goldenote” масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, унда 20 турдаги ўқув- услубий анжомлар – ҳар хил ўлчамдаги глобуслар, геометрик фигуралар, чизғичлар, осма хариталар ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради.  

Корхона ойига беш юздан икки минггача диаметри 15, 25, 44 сантиметрли глобусларни буюртма асосида жойларга етказиб бермоқда. Улар ўзбек, рус, инглиз тилларида бўлиб, сиёсий-маъмурий, табиий-географик турларга бўлинади. Ўзбек тилида лотин алифбоси асосида ишлаб чиқарилаётган глобуслар импорт ўрнини босиб, ички бозорни тўлдирмоқда. 

Бу ерда йигирмата иш ўрни яратилган бўлиб, илмий жамоа айни кунда такомиллаштирилган янги моделлар яратиш устида изланмоқда. Энг асосийси, маҳсулотларнинг бир қисмини экспортга йўналтириш режалаштирилган. 

Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги эътибор туфайли авваллари валюта ҳисобига хориждан келтирилган бундай маҳсулотларнинг аксарияти эндиликда юртимизда тайёрланмоқда. Натижада нархларни мақбуллаштириш ҳамда сарф-харажатларни камайтиришга эришилмоқда. Юқори сифат ва рақобатбардошлик тадбиркорларимиз фаолиятида муваффақият асоси бўлмоқда. 

Ёш тадбиркор анъанавий ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус” кўрик-танловининг 2014 йилги Тошкент вилояти босқичида «Энг яхши оилавий бизнес», мамлакат босқичида «Ёш фахрий қатнашчи» махсус номинацияси ғолиби бўлган. «Ёш тадбиркор – юртга мададкор», «Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам» каби кўрик-танловларда ҳам муносиб иштирок этиб, имтиёзли сармоя олиш ҳуқуқини қўлга киритган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1