Ислом Каримов Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди

ЖАМИЯТ 27.02.2015, 10:43
Ислом Каримов Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 26 февраль куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссияси раиси А.Раҳимов очди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлаб, ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишларига эътиборни қаратди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради.

Дастурда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришга доир устувор йўналишлар ўз ифодасини топган. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизациялаш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини ошириш, фаровон ҳаётимизнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда маҳаллийлаштириш дастурларини изчил давом эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини янада ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Қадимий шаҳарларимиз, гўзал табиатимиз, бой ва ранг-баранг маданиятимиз асрлар оша дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келмоқда. Мамлакатимизда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни тиклаш ва таъмирлаш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди. Транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилмалар изчил ривожланмоқда. Миллий услубдаги замонавий аҳоли турар жойлари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, болалар спорт майдончалари барпо этилмоқда. Аҳоли сув таъминотини тубдан яхшилаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сувдан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги суғориш ишларига замонавий тежамкор технологиялар жорий этилаётир. Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган махсус дастурлар аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилмоқда. 

Учрашувда меҳнат фахрийси К.Ортиқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари Г.Ибодуллаева ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик талабларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни жорий йилнинг 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1