1

Ислом Каримов Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди

ЖАМИЯТ 27.02.2015, 13:58
Ислом Каримов Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 26 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди. Бу хақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси К.Каримов очди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Дастурда кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт даражасини янада оширишга доир стратегик мақсадлар ўз ифодасини топган. Жумладан, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва экин майдонларини оптималлаштириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, маҳаллийлаштириш дастурларини изчил давом эттириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти Қорақалпоғистон Республикаси ривожида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Янги завод ва корхоналар, инфратузилма объектлари, замонавий уй-жойлар барпо этилмоқда. Нукус шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси бутунлай ўзгариб бораётир. 

Маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари доирасида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қўнғирот сода заводи, “Ориент техноложи”, “Вайт машин техноложи” қўшма корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва тўқимачилик мажмуалари мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутмоқда. Дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири – Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши жадал олиб борилмоқда. 

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Уснатдинов, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири Г.Аннақличева, Қорақалпоғистон Республикаси болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори, самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони А.Турданов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ўқитувчиси Г.Ахимбетова ва бошқалар тинчлик ва барқарорлик самарасида мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланиб, халқимизнинг дунёқараши ва турмуш тарзи изчил юксалиб бораётганини қайд этди. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик талабларга тўла мос равишда ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1