1

“Камолот” ЁИҲ 2014-йил сарҳисоб — 2015-йил истиқболли режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 27.02.2015, 14:52
“Камолот” ЁИҲ 2014-йил сарҳисоб — 2015-йил истиқболли режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Кеча, 26 февраль куни  “Ёшлар ижод саройи”да “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан 2014-йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2015-йил истиқболли режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Камолот” ЁИҲ расмий сайти хабар беради.

Унда Ҳаракат Марказий Кенгаши, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. В.Успенкий номидаги мусиқа академик лицейининг иқтидорли ўқувчиларидан ташкил топган доирачилар гуруҳи анжуман иштирокчиларини байрамона руҳда қарши олди.

Йиғилишни Ҳаракат раиси Б.Ганиев очиб берди ва бошқариб борди. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар ва 2015-йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳақида журналистларга батафсил маълумот берди.

Матбуот анжуманида Ҳаракат лойиҳалари самарадорлигининг ошишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014-йил 6-февральдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”нинг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланди.

7 та бўлим, 67 банддан иборат Дастурни 30дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорликда ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори, жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратишга қаратилгантадбирлар амалга оширилди.

Ҳаракат мазкур Дастурнинг 24 та бандида асосий, 42 та бандида ҳамкор сифатида, ижтимоий шериклик асосида ташкил этилган ҳар бир лойиҳанинг қамрови кенгайиши ва сифатини ошишига хизмат қилди.

Ҳаракат тизимлари томонидан ҳисобот даврида жами 33,6 мингта (2013-йилда 28 мингта) тадбир ташкил этилиб, 18,7 млн. (2013-йилда 11,4 млн.) нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.

Жумладан, ёшларни ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан 4 мингга яқин учрашувлар ташкил этилиб, унга 300 мингга яқин ёшлар жалб этилган. Шунингдек, ёшларга оид қонунчилик юзасидан бошланғич ташкилотлар фаоллари ва етакчилар томонидан 300 га яқин таклифлар берилиб, сайлов қонунчилигини тушунтириш юзасидан иқтидорли талабалардан иборат тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

Маънавий-маърифий йўналишда Республикамизнинг барча ҳудудларида Ёшлар фестивальлари ташкил этилиб, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда қадриятларимизни тарғиб этишга хизмат қиладиган янги лойиҳалар амалиётга самарали татбиқ этилди. “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасида 45 турдаги 221 мингдан ортиқ китоблар чоп этилиб, Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотларида “Камолот” кутубхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳаракатнинг негизи бўлган бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўналишида энг намунали бошланғич ташкилотлар ва уларнинг этакчиларини рағбатлантиришга қаратилган уч босқичли ўқув-семинарлар ва республика Форуми ташкил этилиб, уларга жами 13,5 мингга яқин етакчилар жалб этилди.

Ёшларнинг таклифи асосида, Ҳаракат тизимларида фаолият юритувчи раҳбар ва масъул ходимларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган вазифаларни тизимли ташкил этиш” бўйича махсус дастур асосида ўқитилиши тизимли йўлга қўйилди.

Ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловларида ўтган йил давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иштироки 3,5 баробарга ортди. Хусусан, танлов ғолибларига 15,7 млрд. сўм имтиёзли кредит олишга тавсияномалар берилиб, 1 100га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Спорт ва ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний тарбиясини ривожлантириш йўналишида спортнинг 12 тури бўйича ташкил этилган лойиҳаларда 2,5 млн.дан ортиқ ёшлар (шундан, 552 мингдан ортиғи қизлар) қатнашди. 2014-йилда Ҳаракатнинг таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлари ўртасида спортнинг футбол, футзал, шарқ яккакураш турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Ёшлар сиёсатига оид Дастурга, асосан мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015-йилнинг 1-январьига қадар 50та ёш оилаларга “Камолот” уйлари топширилди.

Матбуот анжуманида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Ҳаракат томонидан республикамизнинг барча таълим муассасаларида 120 минг нафардан ортиқ ёшлардан иборат 12 мингга яқин “Нуронийлар эъзозимизда” ёшлар патронаж гуруҳларини ташкил этиш белгиланган. Мазкур гуруҳлар томонидан ҳудудларда истиқомат қилувчи 10 мингдан зиёд уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, 30 мингга яқин ёлғиз қариялар ва ногирон кексалар ҳолидан мунтазам равишда хабар олиниб, уларнинг кундалик юмушларига кўмаклашилади.

Шунингдек, матбуот анжумани доирасида Ҳаракат фаолияти ҳамда йирик лойиҳалар лавҳалари акс этган “Камолот билан ҳаракатдамиз” фотокўргазмаси, “Камолот” кутубхонаси туркуми остида чоп этилаётган китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Анжуман якунида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши томонидан 10 нафар фаол ёш оилаларга “Камолот” уйларини олиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар тантанали равишда топширилди. Ҳаракат раиси журналистлар ва “Камолот” фаоллари томонидан берилган саволларга  атрофлича жавоб берди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, матбуот анжумани иштирокчиларига ҳаракатнинг бир йиллик фаолияти акс этган фотогалерея, инфографика ҳамда йиллик ҳисобот жамланган дисклар тарқатилгани уларнинг ҳаракат фаолияти билан янада яқинлашишига замин яратди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1