1

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ходимларининг маоши оширилади

ИҚТИСОДИЁТ 07.02.2020, 17:36
Теглар: қурилиш, маош
Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ходимларининг маоши оширилади

“Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ-4586-сон, 05.02.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектлари учун хавф-хатарлар тоифалари ва объектларнинг функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартиби жорий этилади.

Шунингдек, Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қарор билан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекцияларга давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида қатор ҳуқуқлар берилди.

Жумладан, инспекциялар бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланганда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва демонтаж ишларини амалга оширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, қуйидаги талаб ва тартиб-таомиллар бекор қилинади:

- 2020 йил 1 мартдан бошлаб бюджетдан молиялаштириладиган объектлардан ташқари капитал таъмирлаш объектларида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича талаблар;

- инспекциялар томонидан қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат бериш тартибини жорий қилган ҳолда, уларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мавжуд тартиб-таомиллар (белгиланган муддатларда босқичма-босқич).

Шунингдек, инспекциялар қурилиши тугалланган объектларни  фойдаланишга қабул қилиш жараёнига давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органларини жалб қилади. 

Давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлар бундан мустасно.

Мазкур органлар объектларни қабул қилиш муддатлари доирасида объектнинг санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса тақдим этади.

Қарорга кўра, инспекция тузилмасида Комплаенс хизмати ташкил қилинди ва ҳудудий инспекциялар тузилмасига комплаенс-назорат бўйича мутахассис лавозими киритилди.

Комплаенс хизмати ва ҳудудий инспекцияларнинг комплаенс-назорат бўйича мутахассислари бевосита инспекция бошлиғига бўйсунади.

2020 йил 1 июлдан бошлаб инспекциялар бошлиқларига шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.

Шунингдек, Қурилишда стандартлаштириш республика маркази ҳузурида Комплекс қурилиш синов лабораторияси ташкил қилинади.

2020 йил 1 мартдан бошлаб инспекция ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 1,4 баробарга оширилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1