АсосийJinoyat

Бир оиланинг беш аъзосини ўлдирганларга ҳукм ўқилди

'Бир оиланинг беш аъзосини ўлдирганларга ҳукм ўқилди'ning rasmi

МАЪЛУМ БЎЛИШИЧА, ЖИНОИЙ ТЎДА БОШИ МАРҲУМНИНГ ҚЎШНИСИ БЎЛГАН...

“Даракчи” газетасининг 2019 йилдаги 22-сонида Самарқандда бир оиланинг беш аъзосини ваҳшийларча ўлдириб кетилгани ва бу қилмишда гумонланаётган шахслар ушлангани ҳақида хабар қилинганди. Мазкур жиноят иши ЖИБ Самарқанд вилоят судининг биносида Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида кўрилди...

Жиноий тўда боши бўлган 38 ёшли ишсиз судланувчи ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаган. Узум етиштириб, майиз тайёрлаб сотиш билан шуғулланадиган 50 ёшли қўшнисининг уйига ғайриқонуний равишда кириб, босқинчилик билан ҳужум қилиб, барча оила аъзоларини қасддан ўлдириб, пулларни қўлга киритиш режасини тузган.

У жиноий режасини танишлари: 26, 24 ва 23 ёшли ишсиз судланувчиларга айтади. Уларни ушбу жиноятга жалб қилиб, “вазифалар”ни ўзаро тақсимлаб олишади.

Қўшниси ва унинг оила аъзолари ухлаганига ишонч ҳосил қилишгач, 14 майдан 15 майга ўтар кечаси оила аъзолари ухлаб ётган жойларни аниқлаб, ҳовлида бир кишилик каравотда ухлаётган вояга етмаган боланинг ёнига икки нафар судланувчи, сўрида ухлаётган 45 ёшли аёлнинг ёнига 38 ёшли судланувчи, вояга етмаган яна бир боланинг ёнига 24 ёшли судланувчи боришади. Улар уйғониб қаршилик кўрсатмасликлари учун келишувга биноан бир вақтда қўлларидаги темир бўлаклар билан жабрланувчиларнинг юз ва бош қисмларига бир неча маротаба уришади. Зарб шовқинидан уйғониб, улар томон келмоқчи бўлган оила бошлиғининг кўз ўнгида уларни ўта шафқатсизлик билан ўлдиришган.

Оила бошлиғи қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида икки шерик зудлик билан етиб келиб қўлларидаги темир бўлаклар билан уни ҳам қасддан ўлдиришган.

Эр-хотин ва икки вояга етмаган ўғилнинг ўлганига ишонч ҳосил қилишгач, пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларни қўлга киритиш учун хоналарни тинтишади. Ётоқхонадаги сандиқ қулфини бузиб, 22.000.000 сўм ва 100 долларни (1 АҚШдоллари 8.458 сўм 16 тийин) олишади. Сақлаш учун 26 ёшли судланувчига беришган. Ётоқхонани тинтиш учун киришганида, ерда ухлаб ётган 21 ёшли катта ўғилни кўриб қолишади. Жиноий тўда боши билан 23 ёшли шерик уни ҳам темир бўлаклар билан уриб ўлдирган. Унинг 600.000 сўмлик телефон аппаратини олишган.

Тўрт шерик жиноятларини яшириш мақсадида жасадларни кўрпачаларга ўраб, ҳовлида турган “Дамас”га жойлашади ва Қўшработ тумани, “Дўстлик” МФЙ, Боғичағатой қишлоғи, “Олтин Майдон” фермер хўжалигидаги адирга машинани ташлаб кетишган. Шу ҳудуддаги булоқда марҳумлардан қолган қон изларини ювиб, жиноят содир этиш қуролларини булоққа ташлаб, қон доғлари билан ифлосланган кийимларни йўқ қилиш учун 23 ёшли судланувчига беришган. Қўлга киритилган маблағни ўзаротенг тақсимлаб олишган.

ТЎДАБОШИ АЙБИГА ҚИСМАН ИҚРОР БЎЛГАН...

Марҳум ва унинг оила аъзолари билан қўшни бўлган судланувчи — жиноий тўда раҳбари судда айбига қисман иқрорлик билдирган. Жуда кўп бор улар билан томорқани суғориш учун сув талашганини айтган судланувчи 2012 йилдан бери муносабатлари бузилганлигини маълум қилган. Жиноий шериклари билан режаси амалга ошгач, қўшнисини ўлдириб машинага ортишганини тан олган.

– Қўшработ туманидаги адирга олиббориб, машина эшикларини қулфлаб, машинани пастликка қараб итариб юбордик. Ўзимиз пиёда орқага қайтдик. Шу куни уйга келганимда, уйдагилар ухлашаётганди. Уларга билдирмай ётиб ухладим. Шу куни қўшнимнинг жасадлар топилганини эшитдим. Қилмишимдан пушаймонман.

26 ёшли судланувчи ҳам айбига қисман, қолган икки нафар судланувчи эса тўлиқ иқрорлик билдирган. 

УМРБОД ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ

Эркин ЭРГАШЕВ, Олий суд судьяси: 

— Судланувчилар ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, ж, и, п” бандлари, 164-моддаси 3-қисмининг “в, г” бандлари, 267-моддаси 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. ЖКнинг 59-моддаси тартибида, ўташ учун узил-кесил УМРБОД озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо махсус тартибли жазони ижро этиш колониясида ўтаттирилиши белгиланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар