АсосийJinoyat

Оғуфурушларга ҳукм ўқилди...

'Оғуфурушларга ҳукм ўқилди...'ning rasmi

— Менга қўйилган айбловларга иқрор эмасман, ҳаммаси уюштирилди, — деди судланувчилардан бири. — Машинада келаётганимизда бизни ички ишлар органлари ходимлари тўхтатишди. Бизни куч билан мажбурлаб ИИБга олиб боришди. Бизни ушлаган жойида гиёҳвандлик моддасини ҳам ердан топиб олишди, мен у ҳақда билмайман...

Шу каби важлар билан кўрсатма берган йигит суддан ўзига қўйилган айбловларни олиб ташлашини ва уни оқлашларини сўради. Аммо шу куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Пастдарғом туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида кўрилаётган жиноят иши юзасидан бошқа судланувчилар ҳам тинглади. Гувоҳлар ва холислар сўзга чиқди. Шунингдек, инкор қилиб бўлмайдиган ашёвий далиллар келтирилди.

Ховлисининг ҳилватроқ ерига таъқиқланган гиёҳвандлик ўсимлиги уруғини эккан Даврон (исмлар ўзгартирилган) уни «меҳр» билан  парваришлай бошлади. Орадан вақтлар ўтган сайин заҳри қотил униб, «ҳар қандай қабиҳликка тайёрман», дегандек пишиб етилди. Даврон уни узиб олгач, қурити, гугурт қутиларга жойлади ва сотишга тайёрлади. Ҳаридор эса унинг эски таниши Шавқиддин эди.

Аввал ҳам жиноят содир этиб судланган аммо тегишли ҳулоса чиқармаган Зафар эса бу савдода Шавқиддинга шерик бўлди. Икки ҳамтовоқ Даврондан заҳри қотилни сотиб олгач, аввалдан келишиб қўйилган мижозлари учун олиб жўнашди. Уни сотиб олиш учун розилик билдирган Нозим ва Акбар исмли шахслар эди. 

Улар келишилган жойда учрашишди. Зафар гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини ўзида қолдириб, қолганини мижозларга тутқазди ва келишилган пулни санаб олди. Ишлари амалга ошириб бўлингач, энди тарқалишмоқчи бўлгандилар. Аммо машина кўп ҳам узоққа кетмасдан ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилди. Осойишталик посбонлари уларни холислар иштирокида текширмоқчи эканликларини айтишганда Зафар ёнидаги гугурт қутисида бўлган гиёҳвандлик воситасини чеккароққа отиб юборди. Ҳушёр посбонлар эса уни кўздан қочиришмади.

Суд залида кўрсатма берган пайтда, айбларни инкор қилиб, гиёҳванд моддани ердан топиб олишди, деган ҳам шу Зафар эди. Бироқ тергов ва суд жараёнларида Шавқиддин ва Даврон қилмишларига қисман бўлса-да иқрорлик билдиришди. Гувоҳлар, жараёнда иштирок этган холислар ҳам тингланди. Суд ҳайъати Зафарнинг тадбир жараёнида ердан топилган бир гугурт қутида бўлган марихуанна гиёҳвандлик воситаси ҳақида ҳеч нарсани билмаслиги ҳақидаги кўрсатувларини муҳокама қилди. Унинг айби гувоҳларнинг кўрсатувлари ва ишда тўпланган ишончли далиллар мажмуаси билан ўз исботини топганлиги сабабли бу важларни жиноий жавобгарликдан қутулиш ва келгусида тайинланадиган жазони енгиллаштириш мақсадида ўйлаб топилган деб танқидий баҳолаб, ишончга сазовор эмас деб топди.

Суд барча холатларни атрофлича ўрганиб, оғуфурушларга тегишли ҳукмни ўқиб эшиттирди. Жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи холатларга эътибор қаратилди. Қанча-қанча одамларнинг ёстиғини қуритаётган, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилишига, ногирон гўдаклар дунёга келишига сабабчи бўлаётган шу қора оғунинг савдогарлари қилмишлари учун қонунларимизда белгиланган муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ҳабибулла ЧИНИЕВ, жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судининг раиси

    Бошқа янгиликлар