15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни

ЖАМИЯТ 12.03.2015, 13:42
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни

МАРКЕТОЛОГЛАР БИЗНИ ҚАНДАЙ АЛДАШАДИ?

Маҳсулотларни жойлаштириш, вирусли роликлар, промоутерларнинг саъй-ҳаракатлари – булар маҳсулотни сотиш учун йўналтирилган воситаларнинг ҳаммаси ҳам эмас. Инсон онгини қандайдир шиорлар эмас, балки сезги органларимиз орқали кириб келадиган таъсир ёрдамида бошқариш осонроқ. Кўриш, қўл тегизиш ва айниқса, ҳидлаш бизга шу қадар кўп маълумот берадики, айнан мана шулар орқали маркетологлар бизнинг улар истагандек хулосага келишимизга эришишади.

РАНГ

Приматлар (инсонлар ҳам шу синфга киради) бошқа сут эмизувчиларга нисбатан кўпроқ рангларни фарқлай олади. Тахминларга қараганда, маймунлар озиқ-овқат, мева-чеваларни айнан ранглар ёрдамида тезроқ топишади. Маҳсулот ва хизматлар ҳам озиқ-овқатдек гап, агар улар рангли бўлса, кўзга тез ташланади. Реклама матнлари борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Америкадаги кийим-кечак, озиқ-овқат дўконлари ва тезкор овқатланиш шохобчалари кассаларида мижозларга бошқа дўкон ёки маҳсулот ҳақида матн ёзилган чеклар берилган. Чекларнинг ярмида матн оқ-қора, ярмида эса рангли кўринишда бўлган. Харидорлар қўлларидаги чекка уч сониядан қараб туришган, сўнгра улардан чекдаги реклама матнини сезган-сезмаганликларини сўрашган.

Оқ-қора матнли рекламани уч сония ичида сўралганларнинг 31 фоизи кўрганлигини айтган. Харидорларнинг 82 фоизи эса рангли ҳарфлардаги рекламага эътибор қаратишганини билдиришган. Харидорлардан дўконга яна ташриф буюришадими-йўқми, деб сўралганда, оқ-қора чек олганларнинг тўртдан бир қисми ижобий жавоб беришган бўлса, рангли чек олганларнинг учдан икки қисми бу ерга яна келишларини айтишган.

НИГОҲНИ КУЗАТИШ

Сайтнинг ёки реклама плакатининг дизайни жудаям чиройли бўлиши мумкин, лекин харидорлар эътиборини жалб этмоқчи бўлганлар яна бир нарсани инобатга олишлари лозим. Агарда кўзга ёқадиган унсурлар саҳифада муносиб жойдан ўрин олмаган бўлса, маҳсулот эътиборни тортмайди.

Энг “муносиб” жой қаер? Мутахассисларнинг фикрича, буни кўз ҳаракатини ёзиб олиш, “ tracking” орқали аниқлаш мумкин. Тажриба остидаги шахс курсида ўтирганча интернет саҳифаси ёки реклама макетини кўриб чиқади. Монитор ёнидаги инфрақизил камера курсидаги инсоннинг кўз ҳаракатларини қайд этиб боради. Камерадан олинган маълумотлар махсус дастурда ўрганиб чиқилади. Дастур нигоҳнинг кўпроқ нималарга қаратилганини, нималарга эса эътибор бермаганини аниқлаб беради.

Ҳар бир саҳифа ёки реклама макетининг “қайноқ нуқталари” турли жойларда жойлашган бўлиши мумкин, лекин умумий қонуниятлар ҳам мавжуд. Болалар ва жониворларнинг суратлари кўпинча эътиборни тортади, лекин бу суратлар тўғри ҳолатда жойлаштирилиши лозим. Одатда, тажрибада иштирок этаётганлар суратдаги инсон қаерга қараса, ўша тарафга қарашади. Масалан, шампунь рекламасидаги модель тўғрига қараб турган бўлса, рекламага назар ташлаганлар моделнинг кўзларига эътибор қаратишади ва маҳсулот четда қолади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, одамлар кўпинча реклама буклетларини охиригача ўқишмайди. Шундай экан, матннинг боши рекламада энг асосий қисм ҳисобланади. 

ТУШУНЧАЛАРНИ АЛМАШТИРИШ

Ўлчами кичикроқ кийим энди сизга лойиқ келяптими? Хурсанд бўлишга шошилманг. Сиз озмагансиз, балки маркетологларнинг қармоғига илинган бўлишингиз мумкин. Ишлаб чиқарувчилар кийимларнинг ёрлиғидаги ўлчамларни атайлаб кичикроқ ёзишлари ҳам учраб туради. Гап шундаки, танаси хушбичим бўлишини ва озишни истаган аёллар магазинда кутилмаганда ўзларига лойиқ кийимни кўриб қолишганида кайфиятлари кўтарилади ва дарҳол уни сотиб олгилари келади.

Фастфуд ишлаб чиқарувчилар ҳам ихтирочиликда қолишмайдилар. Фақат улар бошқача йўл тутишади: маҳсулот номини ўзгартиришмайди, лекин унинг порциясини оширишади. Кейинги 40 йил ичида картошкадан тайёрланган фрининг қадоқдаги порцияси оғирлиги 2 баробарга ошди. Шу билан бирга унинг нархи ҳам кўтарилди.

ҲИД

Биз аксарият маълумотни кўзимиз орқали олсак-да, ҳид билишнинг бошқа сезгилар олдида устун тарафи мавжуд. Ҳидлаш орқали олинадиган маълумот тўғри бош мияга ҳамда унинг ҳис ва хотира учун жавоб берувчи тўқималарига етиб боради. Шунинг учун ҳам болалигимиз ҳақида умумий хотирага эга бўлсак ҳам, ёшлигимизда бувимиз пиширган мураббо ёки ширинлик ҳидини асло унутмаймиз. Ҳидлар маълум бир маҳсулотнинг кўриниши ҳақидаги хотирани ҳам сақлашга қодир, бу эса маркетологларга қўл келади.

Улар харид қилинаётган пайтдаги муҳит ҳиди ва маҳсулотнинг ўз исидан фойдаланишади. Америкалик маркетологларнинг фикрича, савдо нуқтасида “илиқ” ифор таралиб туриши керак. “Совуқ” ҳидлар харидорни қочиради.

МУЛЬТИСЕНСОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

 Кўриш, эшитиш, ҳид билиш, тери орқали сезиш ва таъм билиш хусусиятлари бир-бири билан боғлиқ. Кўз орқали олинадиган ахборот бармоқларимиз сезгисига таъсир қилади, ҳидлар эса кўз олдимизда маълум бир тасвирни намоён этади. Буларнинг бари умумий тарзда “мультисенсор қабул қилиш” деб аталади. Шунингдек, мультисенсор маркетинг ҳам бўлиб, у бир маҳсулотнинг хусусиятлари унинг бошқа хусусиятларига қандай таъсир қилишини ўрганади.

ҚАДОҚДАГИ ЁЗУВ ВА МАҲСУЛОТ ТАЪМИ

Таъмни ҳис қилиш ҳам ҳид билишга яқин сезги бўлиб, у бошқа сезги органлари билан ҳам боғлиқ. Тажрибаларнинг кўрсатишича, қадоқдаги ёзув таъм билишга унчалик ҳам таъсир кўрсатмайди, айниқса, харидор унчалик ҳам эътиборли ёки қизиқувчан бўлмаса. Мичиган университетида ана шу боғлиқликни ўрганиш бўйича тажриба ўтказилган. Тажрибада иштирок этаётган 200 нафар қатнашчининг ҳар бирига минерал сувли шаффоф пластик стаканлар тарқатилган. Иштирокчиларнинг ярмига юпқа ва нозик стаканлар, ярмига эса қалин ва қаттиқ стаканлар берилган.  Қатнашчиларга сувдан бир неча қултум ичиш ҳамда ичимликнинг сифати ва стаканнинг қулайлиги ҳақида ўз фикрларини билдириш таклиф этилган. Уларга авиакомпаниялардан бирида сотилиши мўлжалланаётган минерал сувни тотиб кўраётганликлари айтилган. 

Дастлабки сўровда ўзининг эътиборсизлигини намойиш этган иштирокчилар юпқа стакандан сув ичишганида минерал сувни ёмон ва бемаза деб баҳолашган. Қолганлар эса қандай стакандан сув ичишмасин, минерал сувни яхши деб баҳолашган.

ТИЛ

2008 йили маркетологлар икки тилда – ҳинд ва инглиз тилида гаплаша оладиганлар орасида тажриба ўтказишган. Улардан турли реклама плакатларини баҳолаш ва реклама қилинаётган маҳсулотларга қандай таъриф беришлари мумкинлиги сўралган. Тажрибада бутун дунёга машҳур корпорацияларнинг ҳам, маҳаллий фирмаларнинг ҳам маҳсулотлари рекламаларидан фойдаланилган. Реклама қилинаётган маҳсулотлар орасида ўта қимматлари ва кундалик турмушда ишлатиладиган арзон маҳсулотлар бор эди. Фикрлар турли хил бўлди: ҳинд тилидаги рекламалар оила ва дўстлар давраси билан уйғунлашган, инглизча рекламалар эса шаҳар муҳити ва шоҳона ҳаёт билан уйғунлашган ҳолда баҳоланди. Олимлар қуйидагича хулосага келишди: оддий шампунь ёки косметика махсулотлари каби кундалик буюмлар ишлаб чиқарувчи компаниялар рекламани маҳаллий тилда беришлари ва қадоқдаги ёзувни маҳсулот сотилаётган мамлакатнинг расмий тилида ёзишлари мақсадга мувофиқ. Қимматбаҳо техника ва заргарлик буюмлари рекламаси жойлаштирилган улкан билбордлар эса таржима қилиниши шарт эмас.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1