Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, текширувда туман халқ таълими бўлими мансабдор шахслари моддий ёрдам бериш тўғрисида буйруқ чиқармаган ҳолда бўлим ҳисобчилари Х.С. ва Н.Ғ.ларга 2018-2019 йиллар давомида жами 101,4 млн. сўм пул маблағларини пластик карталарига ўтказгани аниқланди. Шунингдек, ходимларга иш ҳақи тўлаш учун банк муассасасидан олинган 67,5 млн. сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл туман халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






