АсосийJamiyat

Судга бўлаётган энг кўп даъволардан бири ҳақида ҳуқуқларингизни ўргатамиз

'Судга бўлаётган энг кўп даъволардан бири ҳақида ҳуқуқларингизни ўргатамиз'ning rasmi

Меҳнат шартномаси кўп ҳолларда тарафларнинг келишувига кўра ёки тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилинади. Таҳририятимизга келаётган мурожаатлардан хулоса қилсак, асосан иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинаётгани тарози палласи тошини кўпроқ бос­япти. Айрим ҳолларда аксарият ташкилот, корхона ва муассасалар мутасаддиларининг амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларини билмаслиги ёки риоя қилмаслиги оқибатида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузяпти. Ходимлар ҳам ҳуқуқий саводи етарли бўлмагани боис меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилолмаяпти. Аслида иш берувчилар қайси ҳолатларда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга? Саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Гулнора ПАРПИЕВАга мурожаат қилдик...

— Иш берувчининг ташаббуси билан қуйидаги ҳолатларда меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин:

  • технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилгани;
  • ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиги ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
  • ходимнинг ўз меҳ­нат вазифаларини мунтазам равишда буз­ганлиги;
  • ходимнинг ўз меҳ­нат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани;
  • ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунинг­дек, меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан;
  • корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхона бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли;
  • ходимнинг пенсия ёшига тўлгани, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Айтиб ўтиш жоиз, Меҳнат кодексининг 237-моддаси талабига кўра, ҳомиладор ва 
3 ёшга тўлмаган фарзан­ди бор аёллар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаб­бусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.

— Таҳририятимизга келаётган мурожаат­ларда судга мурожаат қилиш муддати ўтгани важи билан даъвогарнинг аризаси қабул қилинмаётгани ҳолатлари жуда кўп... Аслида бу масалада мурожаат қилиш муддати қанча?

— Меҳнат шартномасини бекор қилиш асос­ларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисида, меҳнат шартномасини бекор қилиш вақти ва асослари таърифини ўзгартириш тўғрисида, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажарган вақт учун ҳақ тўлашга доир низолар бевосита туманлараро (шаҳар) судларида кўрилади. Даъво аризалари жавобгар, яъни иш берувчи жойлашган ҳудуддаги судга берилади. 

Судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

  • ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой;
  • ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича зарар етказилгани иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб 1 йил;
  • бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой.

Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоп­лашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.

Судга мурожаат қилиш муддати ўтгани важи билан даъво аризани қабул қилмаслиги қонунга хилоф. Фуқаролик кодексининг 153-моддаси 2-қисмига асосан даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Меҳнат кодексининг 277-моддаси ва Солиқ кодексининг 329-моддасига асосан ходимлар меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Шу билан бирга даъво ариза суд томонидан қаноатлантирилган бўлса, давлат божи жавобгардан ундирилади.

— Аксарият ҳолларда даъвогарлар ишдан бўшаш аризасини босим остида ёзганликларини баён қилишади. Бундай ҳолатда даъвогар қандай йўл тутиши керак?

— Тўғри, шундай важлар қилишади. Бунда даъвогар ҳолатни судда исботлаб бериши шарт. Шунингдек, кўп ҳолларда ходим аризада “мени ўз вазифамдан озод этишингизни сўрайман”, деб ёзади-ю, қайси санаданлигини кўрсатмайди. Иш берувчи эса эртаси куниёқ Меҳнат кодексининг 99-моддаси билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақида буйруқ чиқаради. Қонунда эса ходим ­­­­­
2 ҳафта ичида ишдан бўшаш аризасини қайтариб олиши мумкинлиги белгиланган. Юқоридаги ҳолатга кўра, ходим бу имкониятдан маҳрум бўлади.

 

Дарвоқе...

  •  Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
  •  Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, белгиланган тартибда бекор қилинади.
  • Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади.

 

— Республика ФИБ судлари томонидан 2019 йилда 4 233 тасини меҳнат низоларига оид ишлар кўрилган. Йил мобайнида 775 нафар ходимнинг суд қарори асосида ишга тикланган, 873 та ходимнинг иш ҳақи ундириб берилган. 

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар