1

Коррупциянинг тарихий ўзаклари қаердан келиб чиққанини биласизми?

ЖАМИЯТ 10.03.2020, 15:31
Коррупциянинг тарихий ўзаклари қаердан келиб чиққанини биласизми?

Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик ҳисобланади, дейиш мумкин. Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланади...

Коррупция бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда-жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумаладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуърони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тобора кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш АҚШ президентини импечментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнининг ошиб бориши XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупциянинг дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайишига олиб келди.

Давлат аппарати тизимида мансаб суиистеъмолчилиги, порахўрлик, уюшган ёки коррупцион жиноятчиликнинг ижтимоий хавфлилиги айнан шу тизим бузилишига ёки зарарланишига сабаб бўлади. Давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етказади. Коррупция жиноятчилигини мансабдорлик жиноятларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мансабни суиистеъмол қилиш орқали мулкни талон-тарож қилиш ёки порахўрлик жиноятлари коррупция жиноятчилигининг энг хавфли кўринишлари бўлиб ҳисобланади.

Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш муҳим жараён бўлиб, бу жараёндаги асосий вазифалардан бири коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик ҳамда бундай салбий иллатга қарши самарали кураш олиб боришдир.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврдаёқ коррупцияга қарши курашиш масаласига умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида қаралиб, унинг олдини олиш ва давлат аппаратини коррупциядан тозалаш бўйича изчил ва мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг кўпгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари таркибида коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашувчи алоҳида тузилма ва бўлимлар шакллантирилди.

Ҳозирда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, фош этиш ва унга қарши курашиш борасида ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилиб, коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий механизми яратилди. 

Хусусан, 2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киргани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди. Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади. 34 моддадан иборат қонунда, аввало, коррупция билан боғлиқ тушунчалар берилган. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. 

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, қоррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир. 

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир. 

Бундан ташқари, давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5729-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилган.

Фармон билан 2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинди ва Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев бошчилигидаги Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиялари ташкил этилади. Улар жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидагиишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш, жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб боради.

Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат экани белгиланди:

  • суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
  • давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
  • давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
  • фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.

 

Идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.

Қўшимча равишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати механизмларини самарали қўллашга йўналтирилган “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш, қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг 16, 17, 18-моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

Шундай экан, ўзимизга хулоса қилишимиз, келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз, коррупциянининг ҳар қандай кўришнишини бартараф қилиш учун биргаликда курашишимиз зарурдир. Қабул қилинган Қонун эса давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи мазкур иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми сифатида хизмат қилади.

Ф.Тураходжаев, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1