1

Халқаро бозорлардаги қалтис вазият Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қиладими?

ИҚТИСОДИЁТ 10.03.2020, 17:18
Теглар: вазият, иқтисодиёт
Халқаро бозорлардаги қалтис вазият Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қиладими?

Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров ўзининг твиттер саҳифасида жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги охирги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича йиғилиш тафсилотлари ҳақида маълум қилди.

Вазир Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида ўтказилган муҳокамалар натижалари бўйича қуйидагиларни қайд этади:

- газ ва нефть нархининг пасайиши сабабли айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси экспорт тушумларимизга салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, нефть ва газ нархи пасайишининг ички бозорга ижобий таъсири ҳам ўрганиб чиқилади. Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятни сўмнинг алмашув курсига таъсирини ҳозирча нейтрал деб баҳолаймиз;

- газ нархи пасайиши сабабли Давлат бюджети даромадларининг йўқотишлари олтин нархининг юқори эканлиги ҳисобига тўлиқ қопланади. Умуман олганда, Давлат бюджети барча мажбуриятларини тўлиқ таъминлаш имконига эгадир;

- мазкур масала бўйича асосий савдо ҳамкор давлатларимиз расмий идораларининг 9-мартдаги баёнотларини, асосийси, уларнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга бўлган жиддий режаларини ижобий баҳолаймиз;

- халқаро молия ва товарлар бозорларида юзага келган қалтис вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирининг кўлами биринчи навбатда ушбу тебранишларнинг қанчалик узоқ муддат давом этишига боғлиқдир.

Қайд этилишича юзага келган вазиятнинг Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсирини минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга киришилган. Шу мақсадда учта идора вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилган.

Жорий йилнинг 13 март куни Москва шаҳрида МДҲ давлатлари иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ушбу масала муҳокама қилинади.

Ишчи гуруҳи ва тегишли идоралар жаҳон молия ва хомашё бозорларидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб борадилар ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумот бериб турадилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1