АсосийShou-biznes

Димпл Кападия: “Оилани кинодан устун қўйганман”

Азиз мухлислар, эътибрингизга навбатдаги эксклюзив интервьюни ҳавола этамиз. Сизга маҳоратли актёр ва юрист сифатида яхши таниш бўлган Отабек Маҳкамов бу гал ҳам журналистлик вазифасини зиммасига олиб, Болливуднинг ёрқин юлдузларидан бири, бизга “Бобби” фильми орқали яхши таниш бўлган Димпл Кападия билан бўлган эксклюзив суҳбатни эътиборингизга ҳавола этади.

— Кападия хоним, хабаримиз бор, сиз кўплаб миллий ва халқаро кинолойиҳаларда иштирок этиб келяпсиз, барча яратган образларингиз беқиёс, лекин орадан 40 йилдан зиёд вақт ўтганига қарамасдан ўзбекистонлик мухлисларингиз учун сиз ҳамон Боббисиз. Сиз ва Риши Капурнинг "Бобби" фильмидаги тандеми ҳамон томошабинлар ёдида. 1973 йилда, сиз эндигина 16 ёшда бўлсангиз-да,  Раж Капурнинг фильмида суратга тушишга муваффақ бўлгансиз. Шундан сўнг дунё бўйлаб кўплаб қизлар сизга тақлид қила бошлашган. Лекин, сиз бундай катта омаддан воз кечиб, «Бобби»дан кейин мутлақо кино соҳасидан кетиб қолдингиз. Шундан кейин миш-мишлар болалади. Ҳозирги учрашувдан фойдаланган ҳолда, бу масалада аниқлик киритсангиз… 

Ўзбекистонлик томошабинларга "Бобби" фильми ёққанидан хурсандман, чунки актриса учун яратган роллари худди ўз фарзандидек бўлиб қолади. Шундай экан менинг биринчи фарзандим "Бобби" бўлади. Бу фильмнинг омадига эса албатта устозим Раж Капур ва кинодаги партнёрим Риши Капурларнинг маҳорати сабаб.  Тўғри айтдингиз, бу ролим менга чексиз муваффакият олиб келди.  Ёш бўлганим учун бундай омадга тайёр эмасдим. Лекин, ўзим севиб танлаган касбимни ташлаб кетмадим, вақтинчалик чекиндим, холос. Бунинг сабаби, мен аёллик бурчимни актрисаликдан устун қўйганим бўлди. "Бобби" катта экранларга чиқишидан олти ой олдин мен актер Ражеш Ханна билан турмуш қурдим. Бир-биридан ажойиб икки қиз —Твинкл ва Ринк Ханнани дунёга келтирдик.  Қизларимнинг иккаласи ҳам бизнинг касбимизни танлади. Ҳозирги кунда улар профессионал актриса. Шунинг учун, мен қилган касбимни қурбон қилдим дея олмайман, аксинча ўз самарасини бермоқда дейишим мумкин. Қизим Твинкл Ханна ҳам, худди менга ўхшаб уз касбдоши Акшай Кумарга билан турмуш қурган.

"Бобби"даги ролингиз учун бирор мукофот олганмисиз?

Ҳа, айнан шу ролим учун "Йилнинг энг яхши актрисаси" деган миллий фахрли унвонга сазовор бўлганман.

— Ижодга қачон қайтгансиз?

— 1984 йилда ўз касбимга қайтганман.

— Гадони душмани гадо бўлади, дейишади, айтинчи, киносаноатга қайтганингизни ҳамкасбларингиз қандай кутиб олишган?

— Афсус, ўн йиллик танафусдан сўнг кўп касбдошларим ва ҳатто мухлисларим мени совуққина кутиб олишган десам хато  бўлмайди. Чунки, бу пайтда мен "Бобби"даги қизалок эмас, балки умуман бошқача кўринишдаги аёл эдим. Лекин, шунга қарамасдан,  барча қийинчиликларни енгиб, ўз устимда ишлаб, маҳорат ва тажрибамни ошириб, 1985 йилда "Saagar" фильмида яна олдинги партнерим Риши Капур билан биргаликда роль ижро этганман.

— Адашмасам, "Saagar" фильми учун ҳам "Йилнинг энг яхши актрисаси" унвонига сазовор бўлгансиз...  

— Тўғри, айнан ўшанда бу унвонга эга бўлиш нақадар бахт эканлигини тушуниб етганман. Шундан кейин кўплаб картиналарда —  "Aitbaar" (1985), "Janbaaz" (1986), "Insaaf" (1987), "Адолатнинг баҳоси" (1988), "Рам ва Лакхан" (1989), "Дришти" (1990), "Rudaali" (1993) роль ижро этдим.

— Қайси акётрлар билан партнёр бўлиб ишлаш осон?

— Партнерлар билан қийналган пайтларим ҳам бўлган. Лекин “Rudaali”даги ролим учун  National Film Award мукофотинига сазовор бўлганимдан сўнг  кўплаб таниқли актерлар билан бирга ишлаш бахти насиб этган. Улардан Санни Деол, Амитабх Баччан, Жеки Шроффларни санаб ўтишим мумкин. Уларнинг ҳар бири мен учун катта таассурот колдирган. Саволизга аниқ жавоб берадиган бўлсам, Амитабх Баччан нафақат буюк актёр балки ҳақикий дўст. Унга сирларингизни ҳам бемалол ишонишингиз мумкин. Шундай инсон билан замондош бўлганимдан фахрланаман.

— Қизиқ, негадир Риши Капурни тилга оласиз деб ўйлагандим...

— Риши Капур билан худди қариндошдекмиз, мен учун у ҳамиша рақобатдан ташқаридагилар тоифасида бўлади.

— Кўпгина ҳинд актёрлари, тадбиркорлари ва бошка соҳа вакиллар билан суҳбатлашганман. Улар билан суҳбатда кўпинча инглиз тили бўйича айрим муаммоларга дуч келардим.  Лекин сиз соф адабий инглиз тилида гапиришингизни кўриб, қувондим.  Айтинчи, инглиз тилида ҳам роль ижро этганмисиз?

— Инсон чет тилини ўрганар экан, нафақат тил қоидаларига балки талаффузига ҳам эътибор қаратиши керак деб ўйлайман. Афсуски, инглиз тилида ижро этган ролларим кўп эмас. Фақат 2006 йилда "Кирага айланиш" фильмида инглиз тилида роль ижро этганман.

— Кино мутахассисларининг фикрича фильмнинг сифати сценарийга боғлиқ экан. Хусусан Альфред Хичкок, "яхши кинонинг муваффақияти уч нарсага боғлиқ, бу — сценарий, сценарий ва яна сценарий" деган эди. Бу фикрга қўшиласизми, қайси сценаристларнинг ишини юқори баҳолайсиз?

— Албатта, сценарий сифатли бўлмаса, киносаноат ҳам бўлмайди. Афсуски, мен таниган кўпгина профессионал сценаристлар бу дунёдан ўтиб кетишди. Х.А. Аббас, Набьенду Гхош ва Абрар Алви. Шунинг учун энди ҳеч ким: "Dharti Ke Lal", "Parineeta" ва "Saheb Bibi Gulam" каби ажойиб киносценарийлар ёза олмаяпти.

— Эшитишимча сиз машҳур режиссерлар Стивен Спилберг ва Мартин Скорсезелар билан учрашгансиз, тўғрими?

— Ҳа,  АҚШнинг Калифорния штатида "Drishti" махсус намойишида бу иккала режиссёр билан учрашиш ва улардан мақтов эшитиш бахтига муяссар бўлганман

— Охирги пайтларда сизни асосан қандай йуналишдаги фильмларга таклиф этишяпти?

— Ёшимни инобатга олган ҳолда оналар ва бувилар ролини  беришяпти. Бундан хафа эмасман, чунки ҳар бир аёл учун она ва буви бўлиш катта бахт. Бу бахтга етганлар бор етмаганлар бор.

— Яхши актер бўлиш учун махсус таълим бўлиш шарт деб ўйлайсизми?

— Актёрлик маҳоратига бўлган иқтидорни шу вақтгача ҳеч кайси таълим муассасаси беролмаган.  Агар имконият бўлса, албатта актёрликка ўқиш керак деб ўйлайман, лекин актеёлик сирларини билиб олиш учун ўқишнинг ўзи етарли эмас.

— “Даракчи” газетаси муштарийларига ҳамда Ўзбекистондаги мухлисларингизга тилакларингиз.

— Ҳамиша соғ-саломат, омадли бўлиб қолинглар. Ҳар бир ёшнинг ўзига хос ҳузурини кўриб юриш насиб этсин. Қизикарли саволлар учун раҳмат.  

— Сизга ҳам самимий суҳбат учун катта раҳмат. Сиздан янги-янги роллар кутиб қоламиз.

Отабек Маҳкамов суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар