Наби Раҳимов. Бу санъаткорни билмаган, танимаган унинг ижросидан зақланмаган санъат мухлисини топиш мушкул бўлса керак. Ўзининг ижодий фаолияти давомида турфа хил образларни маромига етказиб ижро этиш баробарида ҳар бир ролга ўз “муҳри”ни боса олган бу санъаткорнинг маънавий мероси ўзбек санъатида залворли ўрин тутади.
Ўзбек кино, театр ва телевидение санъатининг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Наби Раҳимов 1911 йилда Қўқонда туғилган. Ижодий фаолиятини ҳам айнан Қўқон театри саҳнасида бошлаган. 1926 – 1929 йилларда актёр водийда фаолият юртиган бўлса, 1930 йилдан бошлаб то умрининг охирига қадар Ўзбек Миллий академик драма театрида меҳнат қилган. Ўзбекистон халқ артисти, қатор мукофотлар соҳиби Наби Раҳимов 1994 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.
“Санъатнинг эшиги доим очиқ”
Санъат шундай майдон, у ҳеч кимга эшик ёпмайди, лекин ҳеч кимнинг бошини шунчаки силаб кўкка кўтармайди. Саҳнада, экранда меҳнат ва истеъдод билан бирга фидойилик билангина кутилган маррани забт этиш мумкин. Масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, санъаткор томошабин меҳрини самимият билан қабул қилиши ва унга худди ўзи каби меҳр билан жавоб бера олишидир. Наби Раҳимов ана шундай улуғ ва эъзозга муносиб ижод йўлини босиб ўтган. Республикамизнинг қайси бир ҳудудига борманг, бу инсонни билган, у билан бир зум бўлса-да, суҳбатлашганлар яхши сўзлар билан ёдга олади.
Наби Раҳимов олтмиш йилдан зиёд ижодий фаолияти даврида жуда кўп спектаклларда бош ролларни ўйнаб, тўлақонли, бетакрор образлар яратди ва ўзбек театр санъатининг улкан арбоблари қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Жаҳон классикаси дурдона асарларидан "Отелло”да Яго, "Ревизор"даги Хлестаков каби образларини томошабинлар ҳамон эслашади. Шунингдек, А.Қаҳҳорнинг "Шоҳи сўзана"даги Қўзиев, Шайҳзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожиасидаги Бобо Кайфий, Ўлмас Умарбековнинг “Комиссия”сидаги Саид Каримович каби турфа хил роллари ўзбек театрида ўзига хос мактаб вазифасини ўтади.
“Истеъдодли одам ҳар томонлама истеъдодли”
Наби Раҳимов кинода ҳам самарали ижод қилди. Унинг биргина “Мафтунингман” мусиқали фильмидаги образини ўзи актёрлик борасидаги тажрибаси, маҳорат мактабидан муносиб дарак беради. Актёр "Ўзбекфильм" ва Марказий Осиё республикалари киностудияларида суратга олинган қирқдан ортиқ бадиий фильмларда суратга тушган. У яратган "Стадионда учрашамиз"даги Алиев, "Улуғбек юлдузи"даги Бобо Кайфий, "Ўткан кунлар"даги уста Олим, "Қутлуғ қон"даги Шоқосим, "41-йил олмалари"даги чойхоначи чол, "Тутқунликдан қочиш"даги Сафар, "Одамлар орасида якка"даги Нажмиддин, "Абу Райхон Беруний"даги Хўжандий, "Келинлар қўзғалони"диги уста Боқи, "Қон ва тер"даги Сеу (Қозоқфильм), "Жўра"даги Жодугар оға (Қирғизфильм), "Қутлуғ қон"даги Ёрмат каби роллари фикримизга исбот бўлади.
Наби Рахимов нафақат экранда, балки кадр орти – дубляжда ҳам эсда қоларли образларни “яратган”. Актёр таниқли рус актёрлари С.Филиппов, В.Басов, А.Папанов ижро этган ролларга моҳирона овоз берди.
Н.Раҳимов "Табассум" радиожурналининг бошловчиси ва ташкилотчиларидан бири эди. "Табассум"ни аввал у Ўзбекистон халқ артисти Амин Турдиев билан бирга олиб борган. Уни минглаб радиотингловчилар мароқ билан тинглаб, беқиёс завқ олганлар. У радиоспектаклларда хам роллар ижро этар, баъзи радиопостановкаларга ўзи режиссёрлик қиларди. С.Ахмаднинг "Турналар" хикояси асосида яратилган радиопостановка унинг радиодаги режиссёрлик фаолиятининг маҳсулидир.
Наби Рахимов комик ва драматик ролларни хам юксак даражада ижро этадиган ноёб истъдод соҳиби эди. Унинг ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри сахнасида ўйнаган ролларини, томошабин хамиша олқишлар билан кутиб олган. Унинг ижросидаги самимият, ўзига хос овоз томошабин қалбини ром этган. Бу холл унинг кино, телевидение ва радиоспектаклларда яратган образларига ҳам хос хусусиятдир.
Устоз санъаткор йиллар давомида эришган мувафаққиятлари, тажрибасини санъатга кириб келаётган ёшлар билан ҳам муносиб баҳам кўрган. Бир вақтнинг ўзида санъатда ҳам педагогика соҳасида ҳам салмоқли фаолият юритган. Наби Рахимов 1945-1955 йилларда Тошкент давлат санъат институтида актёрлик маҳорати фанидан дарс бериб, Ўзбекистон халқ артистлари Обид Юнусов, Эргаш Каримов каби истеъдодли санъаткорларнинг камолотида муҳим ўрин тутган.
Устозни хотирлаб
“Санъат ва ҳаёт сабоқларини берган устоз”
Санъат Девонов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Шундай санъаткорлар бор улар билан ёнма – ён ишлаш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Наби Раҳимов ана шундай актёр, ҳавас қилгулик барча фазилатларнинг эгаси эди. Биз бу инсон билан бир неча съёмкаларда бирга бўлганмиз. Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида, Москва, Ҳиндистон сафарларида ҳамроҳ бўлганмиз. Тўғриси, бу инсон мен учун отадек қадрли. Боиси мен улардан нафақат санъат сирларини балки ҳаётий сабоқларни ҳам олганман. Ишга нисбатан чексиз муҳаббат баробарида Наби акада маъсулият, ҳурмат ҳамиша бўлган. Бир фильмнинг съёмкаси Самарқандда бўлганди. Тушликка ижодий гуруҳ ошга бирга боришарди. Икки-уч кун пулим қолмагани учун тушликка улар билан бормадим. Шунда Наби ака сафда менинг йўқлигимни сезган. Учинчи кун хонамга кириб келди. “Нимага ошга чиқмаяпсан”, деб сўради, мен индамадим. Шунда “Пулинг йўқлигини айтсанг бўлади-ку”, деб меҳр билан койиб 50 сўм берган эди... ижодий гуруҳ катта эди, аммо Наби акагина менинг ошга бормаётганимни сезган. Бағрикенг, сахий инсон эди. Рафиқаси ҳам устозни бениҳоя ҳурмат қиларди, ардоқларди. Съёмка пайтларда бир неча бор бунга гувоҳ бўлганман. Лекин фарзандлари Наби аканинг изидан бормади.
“Ҳам комедия, ҳам драма устаси”
Шуҳрат Ризаев, адабиётшунос:
— Наби Раҳимовнинг кино ва театр санъатида катта ўрни бор. Ўз даврида энг кўп фильмларда иштирок этган актёрлардан. Комик актёр сифатида ўзига хос хусусиятларини алоҳида таъкидламасликнинг иложи йўқ. Бу ижодкор драматик образларни ҳам маромига етказиб ижро этган. Шу билан бирга ҳар бир образни мантиқан ижро давомида изоҳлашни ҳам биларди. “Ғариблар” спектаклида Наби Раҳимов ва Сора Эшонтўраева яратган жуфтлик театр санъатидаги ёрқин ижролардан. Наби ака ижро давомида кулгуга мойил хатти-ҳаракатлари билан чолнинг дардларини маҳорат билан очиб берган. Фарзандларидан рўшнолик кўрмай, қариганда айрилган чол - кампирларнинг бир-бирига интилиш саҳналарида актёр образнинг фожиасини табассумга ҳамоҳанг тарзда очиб беради. Бу ҳам Наби Раҳимовнинг катта актёр эканлигидан далолат беради. 1987 йилларда бир спектаклининг муҳокамасида иштирок этганимда Наби Раҳимов билан мулоқот қилганман. Спектакл тақдимотидан кейин муҳокамада асарнинг мантиқан бузилган жойлари борлигини, режиссёр актёрларга вазифани етарлича тушунтириб бера олмаганини асарнинг аввалги постановкаси мукаммалроқ чиқанини айтганимда Наби Раҳимов менинг фикрларимни алоҳида тилга олганди. Кейин ҳам бир неча марта улар билан самимий давраларда учрашдик. Ҳозиржавоб, самимий ва хушфеъл инсон эди.
Севдо Ниёзова тайёрлади