"...Амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар". Ёхуд Амир Темурнинг одилона сиёсатига яна бир назар

МУТОЛАА 09.04.2020, 20:55
"...Амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар". Ёхуд Амир Темурнинг одилона сиёсатига яна бир назар

«Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: «Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!» деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур»

Шавкат Мирзиёев.

 

Мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғун. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир. 

Улуғ аждодимиз ўз тузукларида «...амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар», деб ёзади. Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилаётгани Соҳибқирон тутуми авлодлари томонидан ҳаётга жорий этилаётганининг ёрқин ифодасидир. 

Зеро, буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматларини, муҳташам иморату иншоотлар қурдиргани, шаҳарларни тиклагани, салтанат пойтахти Самарқандни ҳар томонлама равнақ топтиргани, саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурдиргани, шаҳар ташқарисида боғ-роғлар ва бўстонлар барпо эттиргани, фан, маданият ва санъат аҳлини ўз ҳомийлигига олиб, уларга иззат-икром кўрсатгани, халқларнинг ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларини йўлга қўйишга шароит яратгани неча асрлардан буён авлодларга буюк маърифатпарварлик намунаси бўлиб келаётган бўлса, Президентимизнинг бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлари нафақат халқимиз, балки бутун дунёда юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.

Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда сифатида, энг аввало, ўз армиясининг интизомига ниҳоятда эътибор берган. Зеро, интизомсиз қўшиннинг ғалабасига ишониб бўлмаслиги, тартиб-интизом, жанговар руҳиятнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини тўғри англаган. Унинг бой мероси бўлган «Темур тузуклари»да ўқиймиз:

«...мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир ҳоли жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида гаплашдим. Булардан мол-дунёга ҳирс қўйган очкўз ва таъмагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага, мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларга қўлга киритган мамлакатлар, вилоятлардан бирининг ҳокимлигини бердим». 

Бундан ташқари, сипоҳийларни ҳам озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб, ширин сўз, очиқ юз билан уларнинг ишончини қозонганини, бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд айлаганини таъкидлайди. Зотан, лашкарлардан кўнгли тинчиган Темур ҳар қандай жангга илдам ва ишонч билан кириша олган. «Темур тузуклари»ни жангу жадал, уруш майдонига кириш ва чиқиш, қўшинни сафлаш, ғаним лашкарларини синдириш тузуклари сифатида ўзига хос ҳарбий низом деб қараш жоиздир.

Амир Темур лашкарларининг кам ёки кўплигига қараб, унинг тузилмасини доим такомиллаштириб, жанг санъатининг янги тамойилларини ишлаб чиқишни ҳеч қачон кечиктирмасликни ёдда тутган ва буни барча жангларининг муваффақияти деб билган. Жанг санъатининг марказида лашкарларнинг интизоми, руҳий тетиклиги, қурол-аслаҳани ишлатиш маҳорати ва қийин вазиятларда ўта тезлик билан тадбирларни қўллай олиш, лашкарбошиларга нисбатан ишонч ҳамда мустақил қарорлар қабул қилишга изн бериш тактикасини ҳам кенг қўллаган.

Соҳибқирон лашкарларнинг кўплиги ёки қурол-аслаҳасининг мукаммаллиги, ёрдам кучларининг ҳозирлиги билан бир вақтда, жанггоҳнинг географик муҳити, рельефи ва иқлимига ҳам катта эътибор берган. Темурнинг жанг санъати доимо ўзгарувчан ва мукаммал бўлганлигидан ғанимнинг бир тўхтамга кела олмаслиги, унинг тактикасини тезда илғаб ололмаслиги ҳам душманнинг мағлубиятига сабаб бўлган.

– Буюк саркарда бобокалонимизнинг ҳаёти, ҳарбий-сиёсий фаолияти, жанговар санъати, ватанпарварлик, халқпарварлик, мардлик ва жасорат фазилатлари биз авлодларда доим ҳавас ва ҳайрат уйғотади, – дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси 3-босқич курсанти Жамшид Пўлатов. – Биз Соҳибқирон Амир Темур бобомизга муносиб авлод бўлишга, мард, юртни чин дилдан суядиган инсон бўлишга интиламиз.

Мухтасар қилиб айтганда, Амир Темур – халқимиз тарихидаги бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсдир. Буюк давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилиши ҳам бежиз эмас.

 

 

Фарҳоджон Хожаев,

Ўзбекистон Республикаси

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Академияси ўқитувчиси, капитан.

Козимжон Неъматжонов,

3-босқич курсанти.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1