АсосийShou-biznes

Зарина Низомиддинова: “Ўзим ҳақимдаги гап-сўзларга эътибор бермайман”

Лойиҳанинг галдаги қаҳрамони доим гап-сўзлар қуршовидаги актриса ва кейинги вақтларда хонандалик, “biznes-women”лик фаолиятига қўл урган Зарина НИЗОМИДДИНОВА. Кўрамиз, дангал сўзловчи бу актриса саволларимизга ҳам шундай жавоб берармикин?

1. Зарина, “Иккита қайиқни бошини тутган, сувга ғарқ бўлади”, дейишади. Сизнинг “қайиқ”ларингиз бир нечта экани боис  бугун санъат “уммон”ига ғарқ бўлдингизми?

— Раққосалик, актрисалик, хонандалик санъатнинг турлари бўлгани учун уларни битта “қайиқ” деб ҳисоблайман. Камнамолигимга шахсий ҳаётимдаги муаммолар ва режиссёрлардан кўнглимдагидек таклифлар йўқлиги сабаб.      

2. Либослар дўкони очгандингиз, унинг тақдири ижодингиздаги инқирозни такрорладими?

— Тўғри, “biznes-women” бўлиш қўлимдан келмади. Шу сабаб бу фаолиятимга чек қўйдим. Аслида гўзаллик салони очмоқчи эдим. Фикримдан қайтришгани учун либослар дўкони очгандим. То  сўнгги нуқтагача хоҳишимга қарши иш бўлгани боис бу фаолият ярим йўлда тўхтади.   

3. Ундан кўра рақс билан бугунга қадар профессионал даражада шуғулланганингизда актрисаликдан кўра кўпроқ муваффақиятларга эришармидингиз...

— Устозим Карима Узоқова ҳам сизнинг фикрларингизни кўп такрорлаган. Ҳатто “Тошкент зеболари” рақс ансамблига қайтишим кераклигини ҳам таъкидлаганди. Рақсда ўзимни кўролмаганим боис кинони танлаганман. Кинода ишлаш осон дейиш фикридан йироқман. Шуни биламанки, суратга олиш майдончасида ўзимни сувдаги балиқдек ҳис этаман.

4. 16 ёшингизда кинодаги фаолиятингизни профессионал режиссёр Тамара Камалованинг фильмидан бошлагансиз. Шундан келиб чиқсак, саёз “фильм”ларда суратга тушишингиз ижодда юқорилаш эмас, истеъдодингизни пулга чақиш-ку!  

— Саёз “фильм”ларда суратга тушганимдан жудаям афсусланаман. Жаҳонгир Позилжонов билан биргаликда суратга тушган “Илтимос, менга қаранг” фильми ҳам шулар жумласидан. Авваллари маҳоратли режиссёрлар фильмига таклиф этса ҳурсанд бўлардим. Ҳозир ўша режиссёрларнинг кинокартиналари ҳам ҳаминқадар бўлиб қолган. Лекин истеъдодни чархлаб туриш учун саёз фильмлар орасидан яхшироқ таклифга кўнишга  мажбур бўляпман-да.

5. Жиддий жанрлардаги фильмларда нега режиссёрлар сизга жабрдийда аёл ролини муносиб кўраркин?

— Режиссёрлар таъбири билан айтсам, кўзим “гапиради”. Тан оламан, жабрдийда, оғир-босиқ қиёфалар “қолип”ига тушиб қолган актрисаман. “Ромео ва Жульетта” фильмидан сўнг режиссёрлардан шу “қолип”даги роллар ёғила бошлаган ва бу ҳолат давом этмоқда.  

6. Фильмда сизга муносиб “турмуш ўртоқ” — Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Алишер Узоқов, Умид Искандаров?

— Умид Искандаров. “Оқибат” фильмидаги Умид билан жуфтлигимга ишонаман, гўё ўша оила ҳаётда бордек. Қолган партнёрларим билан иштирокимдаги кинокартиналарни кўрганимда экрандаги Зарина Низомиддинова кўраман, холос.  

7. Омма олдида жуда калта ё очиқ либосларда кўриниш ўзингизга эриш туюлмайдими?

— Йўқ, доим ўзимга ярашадиган ва қулай либосларни кийишга одатланганман.

8. “Нега доим гап-сўзлар менинг атрофимда айланаверади?” деган саволга ҳеч жавоб топиб кўришга уринганмисиз?

— Йўқ! Санъаткор ишининг ижобий томонлари билан бирга шундай қийин тарафларига ҳам чидашни бўйнига олиб, шу соҳага қадам қўяди. Умуман олганда, гап-сўзларга беэътиборман. Чунки инсон борки, хато қилади. Беайб -парвардигор.

9. Зарина Низомиддинованинг фожиаси...

— ...тўлақонли оилам йўқлиги. Насиб этса, севиб оила қуриш ва яна битта ўғил фарзандли бўлишни ният қилганман.

Махсус савол!

10. Отабек Маҳкамов, ҳуқуқшунос: — Иштирокимиздаги “Мен юлдузман” фильмида қаҳрамонингиз Лоланинг қайси жиҳатлари сизники билан бир хил. Ва унинг феълидаги қайси қусурлар сизда бўлмаслигини истардингиз?

— Ўжарлиги, шошқалоқлик билан қарор қабул қилиши ва итдан  қўрқиши ўзимга ўхшайди. Қаҳрамоним феълидаги кучли нафрат  шукрки, менинг табиатимга хос эмас. Ҳар доим  одамларнинг кўнглига қараб муомала қиламан, нимадир ёқмаса ҳам билинтирмайман.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.  

    Бошқа янгиликлар