АсосийJamiyat

Нима учун фавқулодда ҳолат каби чекловлар ўрнатилган бўлса-да, расман фавқулодда ҳолат эълон қилинмаяпти?

'Нима учун фавқулодда ҳолат каби чекловлар ўрнатилган бўлса-да, расман фавқулодда ҳолат эълон қилинмаяпти?'ning rasmi

Мазкур саволга Адлия вазирлиги томонидан батафсил тушунтиришлар орқали жавоб берилди.

Мамлакатимиз Конституциясининг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда вазиятлар, хусусан эпидемия ҳолати юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади.

Қоида тариқасида, фавқулодда ҳолат режими жорий этилганда, ҳаракатланиш эркинлигига, транспорт воситалари ҳаракатига нисбатан чекловлар ўрнатилади, уларни текшириш кучайтирилади, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, харид қилиш ва тақсимлашнинг, жамоатчилик тартибини сақлашнинг алоҳида тартиби ўрнатилади ва бошқа чекловлар кучайтирилади. 

“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.

Ҳукуматнинг 1998 йил 28 октябрдаги 455-сон “Техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятларнинг таснифи тўғрисида”ги Қарорида эпидемия – алоҳида хавфли инфекцияларга тегишли бўлмаган, юқиш манбаи битта ёки юқиш омили бир хил бўлган одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланишини табиий тусдаги фавқулодда вазиятларга тааллуқли деб белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда асосий давлат органи ҳисобланади. 

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, чекловчи тадбирлар (карантин) – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир. 

✅ Ҳозирги кунда Ўзбекистонда эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

👉 мамлакатимиз ҳудудини санитар муҳофаза қилиш (санитар-карантин назоратини ўтказиш ва (карантиннинг) чекловчи тадбирларини ўтказиш йўли билан таъминланмоқда); 

👉 юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида амалга оширилаётган тадбирлар, дезинфекция тадбирлари;

👉 мажбурий тиббий текширув ва бошқа тадбирлар. 

Тиббий-профилактика муассасалари ва санитар-эпидемиологик хизмат муассасалари томонидан юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўрнатилган тартибда инфекцион ва паразитар касалликлар билан касалланганликда гумон қилинган шахсларни аниқлаш, изоляция қилиш ва касалхонага ётқизиш ҳамда улар алоқа қилган шахсларни лаборатор текшириш ва уларни тиббий кузатишга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омиллари ҳамда уларнинг инсонга зарарли таъсирини бартараф этишини аниқлаш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда. Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олиш, уларни ажратиб қўйиш ва бартараф этиш мақсадида эпидемик кўрсатмалар бўйича дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бундан оғир чоралар кўрилаётгани йўқ. Ушбу чоралар эса айнан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган ҳаракатларга айнан мувофиқдир. 

Қонунчиликда эпидемия юз берганда фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият ёки чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашда юқоридаги тартиблардан нисбатан энг юмшоғи – чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилди. Чекловчи тадбирлар (карантин)нинг жорий этилиши мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигига мос келади, COVID-19 га қарши кураш Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз Раҳбарининг Фармонлари ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар