1

Ўзбек нони турлари ҳақида китоб нашр этилади

МАДАНИЯТ 15.04.2020, 18:02
Теглар: Ўзбек нони, китоб
Ўзбек нони турлари ҳақида китоб нашр этилади

Ўзбек дастурхонини тандирдан янги узилган нонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Нон ҳам палов сингари халқимизнинг номоддий маданий мероси ҳисобланади, зеро унинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар ҳам доим ўзбек нони таъмига юқори баҳо бериб, ҳатто ўзлари билан бирга олиб кетишади. Машҳур ва мазали ўзбек нонлари ҳақида таниқли ошпаз Бахриддин Чустий китоб ёзиб, нашрга тайёрлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тайёрланадиган нонлар бир-биридан фарқланади. Шунинг учун Бахриддин ўзбек нонларини тайёрлаш рецептлари ва технологияларига оид билимларини янада бойитиш ҳамда уларни бир китобга жамлаш мақсадида мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилди. 

Чустийнинг айтишича, ушбу китобда 50 дан ортиқ турдаги нон ва нон қўшиб тайёрланадиган 10 хил таом рецепти жамланган. “Улар орасида қадимги унут бўлган ва барчага маълум бўлган рецептлар, шунингдек янги тадқиқотлар келтирилган. Шунинг баробарида китобдан нон ва нонли таомларни пишириш маданияти ва урф-одатлари, тандир, чакич ва нон билан боғлиқ барча маълумотлар бор”, – дейди ошпаз. 

Китоб дастлаб ўзбек тилида нашр этилади, кейинроқ уни рус, инглиз ва турк тилларидаги версияларини нашр этиш режалаштирилган. Ўзбек нони ҳақидаги китобни нашрга тайёрлаш устида катта профессионал гуруҳ иш олиб борди. Бугунги кунда китоб чоп этишга тайёр ва яқин кунларда нашр этилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу китоб Ўзбекистоннинг гастрономик туризм ривожига ўз ҳиссасини қўшади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1