Ота-оналар учун муҳим бўлган саволлардан бирига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Дониёр Эрматов иштирокида брифингда жавоб берилди.
— Ҳар қандай вазиятда фарзандларимиз билим олиши керак. Жорий йил 30 март кунидан умумтаълим мактабларида 4-чорак бошланган. Ўқувчиларнинг масофавий таълим доирасида олган билимлари баҳоланиб борилиши лозим. Айрим ўқувчилар вилоятларга кетган ва уларнинг дарсликлари Тошкентда қолган бўлса, бундай ҳолда ўқувчилар электрон дарсликларни eduportal.uz сайтидан кўчириб олишлари тавсия этилади.
Ўқувчиларни баҳолаш ишлари эса, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “таълим муассасаларида карантин даврида масофадан ишлашга ўтган тизим ходимларининг фаолияти юзасидан тавсия” асосида амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
"Шу ўринда, болаларнинг видеодарсларни кўриб бориши ва уй вазифаларини бажариб боришига ота-оналар масъуллигини яна бир бор эслатиб ўтамиз" дейди Халқ таълим вазирлиги вакили.