АсосийShou-biznes

Райҳон ва Лола томошабинлар танқидига учради

                   “Эшитдингларми, Райҳон билан Лоланинг янги клипи чиқипти!”

Бошида эътибор қилмадим. Очиғи клиплардан тўкилиб кетганман. Клипга аллергиям бор. Лекин бу гал кўрдим. Чунки, ҳар иккала хонандани мактабдаги ўқувчидан тортиб, цехдаги тўқувчигача ҳамма билади. Ҳатто ҳозирги ёшлар бу иккала хонандани ўз аммасию холасидан кўра яхшироқ танишади. Икки машҳу-ур хонандамиз бирга қўшиқ куйлаб, клиб оладию, мен кўрма қоламанми?

Кўрдим. Эшитдим. Ўйланиб қолдим. Қўшиқ матни, бадиий савияси ҳақида гапирмай қўя қолай. Чунки, шеърият, бадиий ижод талабларига жавоб бермайдиган қўшиқларга КЎНИКИБ ҳам қолдик. Лекин қўшиқда айтилганидек, мутлақо кўникиб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бор-да!

Аввало савол: “ “Негадир сенга талпинар юрак”, “меҳрингни ҳис этай”, “бир бора тушларимга энди кел” (балки “кир” демоқчидир. Яна билмадим), “ўзгани севишга кўникмадим”, “юрагинг мендан кечар”...  Бу каби “ишққа лиммо-лим” хитоблар кимга аталган ўзи? Балки ҳар икки хонанда “бевафо ёрлар”дан шикоят қилиб, шу тахлит бир-бири билан ҳасратлашаётгандир? Ундай бўлса, клипда нега ўша “бевафолар”нинг қораси ҳам кўринмайди? Бунинг устига нега хитоблар иккинчи шахсга қаратилган?

Йўқ, клипда хонандаларнинг бир-бирига нисбатан “ғалатироқ”  ҳатти-ҳаракатига қараганда, бу хитоблар икки аёлнинг ўзаро “ҳасрати”га ўхшамайди. Буёғига эса... ҳатто хаёлимга урилган тахминлардан ўзим ҳам қўрқиб кетаман. Йўғэ, унақамасдир, ахир биз ўзбекмиз-ку? Замон ҳар қанча тараққий этсаям, ўзимизнинг ўзлигимиз, менталитетимизни унутмасак керак? Балки, бу ерда биз тушуниб етмаган “ўзига хос бир фалсафа” бордир? Лекин, клипни 28 марта кўрсам ҳам ўша қуриб кетгур “фалсафа”нинг тагига етолмаяпман-да?

Қолаверса, хонандаларнинг антиқа, илма-тешик  либосларда  намоён бўлиши, мастона сузилишлари, ҳатти-ҳаракатлари... Ҳар қалай мен бунга КЎНИКМАДИМ, КЎНИКОЛМАДИМ.

Халқимиздан тилдан тилга ўтиб келаётган бир ривоят бор. Қадимда (воқеада ўзимизда юз берганига шубҳам йўқ) бир аёлни ўлимга ҳукм қилишади. Дор остида ундан сўнгги тилагини сўрашади. Аёл эса, игна ва бир қатим ип сўрайди. “Мени дор тагига келтираётгани кийимим йўлда бир тиканга илиниб йиртилди. Мени дорга осишаётганда, баданим очилиб, номаҳрамнинг кўзи тушмасин...!”

Нима демоқчи эканимни тушундингиз. Бошқа гапим йўқ.

                                               Томошабин

                            Изоҳга ҳожат борми?

Юқорида айтилганидек, эҳтимол қўшиқнинг асл мазмун ва моҳиятини тўла тушунмагандирмиз, балки. Бу ҳақда қўшиқ муаллифларининг фикрини билмоқчи эдик. Аммо Райҳон билан ҳам, Лола билан ҳам  билан боғланишнинг иложи бўлмади. Журналист Жасур Ҳамроевнинг  ижтимоий тармоқдаги  саҳифасида жойлаштирилган кички савол-жавобда ҳам Райҳон бу хусусда батафсил тўхталмаган.

 “-Райҳон, кўзингиз тушган бўлса, ижтимоий тармоқларда “Кўникмадим” клипига нисбатан танқидий фикрлар билдирилмоқда. Сиз бунга қандай қарайсиз?

-Ҳар кимнинг ўз фикри бор. Бундай танқидлар ғашимга тегмайди. Ахир, ҳар қаламнинг ўз ранги бўлгани каби ҳар кимнинг ўз диди бор!...”

                            Кимдир у дейди, кимдир бу?

Албатта ушбу қўшиқ ва клип интернетга қўйилиши билан мухлис ва номухлислар ўртасида каттагина баҳс-мунозаларни келтириб чиқарди. Кимдир у дейди, кимдир бу. Бироқ, қўшиқни ўта юқори баҳоласа, яна кимдир ижрочиларнинг ҳаракатларию, кийинишини танқид остига олган. Айрим изоҳларни ўқиб юзингиз қизариши ҳам ҳеч гап эмас. Имловий ва услуби ҳатоларга кўз юмган ҳолда (бу энди алоҳида мавзу) ижтимоий тармоқлардан олинган айрим шарҳ ва изоҳлар фотонусхасини эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган айрим сўз ва иборалар устидан чизиқ тортишга мажбур бўлдик.

         Қўшиқ матни

«КЎНИКОЛМАДИМ»

Орзулар, қайғулар негадир бирга ёнма-ён турар

Билмайсан гоҳи қайда бахт, қайда ғам.

Юрагим кечираверар бу қилар  алам

Негадир сенга талпинар юрак

 

Сен эса қайдан ҳам билардинг

Нима ўзи дард ёки хиёнат

Вужудим тилкалаган бетиним хасрат.

 

Эгаллаган севги қафаси, унда мен ёлғизман ҳамон,

Чегарасини кўрмай эзилар юрак ёмон

Меҳрингни ҳис этай ва узоқларга кетай

Бир бора тушларимга энди кел-кел

Юрагим, ҳисларим нега сендан воз кечолмас

 

Нега сени унутмас

Сўзларим, кўзларим сендан ўзгани кўришга,

ўзгани севишга кўникмади

Нега кўзларинг мени алдар

Сўзларингда эса ўзга хаёллар

 

Балки энди юрагинг мендан кечар

Негадир сўнгги пайт шуни ўйлайман фақат

Бўйсунмас, сенга талпинар юрак

Сен эса қайдан ҳам билардинг

Нима ўзи дард ёки хиёнат

Вужудим тилкалаган бетиним хасрат

 

Мени бундан ҳалос эт

Иккимизга ҳам қолмас муаммо

Балки мен бунга кўниколмадим аммо

Меҳрингни ҳис этай ва узоқларга кетай

Бир бора тушларимга энди кел-кел.

Юрагим, ҳисларим нега сендан воз кечолмас

Нега сени унутмас

Сўзларим, кўзларим сендан ўзгани кўришга,

ўзгани севишга кўникмади.

Дарвоқе: Бу қўшиқ матни кимга тегишли эканини билолмадик. Ҳар қалай, бу мисраларни “шеърият дурдонаси” дея олмаймиз. Қофия, туроқ, вазн... Ким билсин, балки ҳозирги замонавий қўшиқлар учун бундай “даҳмазалар” ортиқчалик қилар? Хуллас, матнни ўқиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқаришни ўзингизга қолдирамиз.

 

 

 

    Бошқа янгиликлар